Янгиликка ундамоқда
  • 24 Февраль 2016

Янгиликка ундамоқда

Ўтган йилнинг тўртинчи чорагида “Apple”, “Intel”  ва бошқа брендлар томонидан ишлаб чиқарилган “ақлли” соатлар Швейцарияда тайёрланадиган машҳур механик ҳамда кварцли муқобилларига нисбатан икки юз мингта кўп сотилган. Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар берди.

Бунда Хитой ва Гонконг бозорларида швейцар брендига нисбатан талабнинг тушиб кетиши муҳим омил бўлди. Шу каби салбий кўрсаткичлардан қутулиш мақсадида “банклар мамлакати”даги “TAG Heuer”, “Montblanc” ва “Breitling” соатсозлик компаниялари янги “ақлли” моделларни тақдим этишга киришди.

Аэропортдаги ҳодиса

Япониянинг “Japan Airlines” авиакомпаниясига тегишли самолёт фавқулодда вазият туфайли Хоккайдо аэропортидан ҳавога кўтарила олмади.

Гап шундаки, лайнер учиш йўлакчасида парвозга тайёрланаётган пайтда унинг двигателида ёнғин келиб чиққан. Шу туфайли бошқа рейслар ҳам кечиктирилди. Хавфли ҳолат ўз вақтида бартараф этилди. “Boeing-737” бортидаги 165 йўловчи ва экипаж аъзолари жабрланмаган.

Рельсдаги тўқнашув

АҚШнинг Сан-Фернандо шаҳрида “Metrolink” компаниясига тегишли йўловчи поезди автомобиль билан тўқнашиб кетди.

Аниқланишича, автоулов техник носозлик туфайли рельс устида туриб қолган эди. Воқеа пайтида унинг ичида ҳеч ким бўлмаган. Темир йўл транспортидаги 33 кишига психологик-тиббий ёрдам кўрсатилди.

Кўп функцияли технология

Хитойнинг “Huawei” компанияси ўзининг биринчи “Windows 10 — MateBook” планшет-трансформерини омма эътиборига ҳавола этди.

У ҳам мобиль қурилма, ҳам ноутбук сифатида қўлланилади. Ушбу восита дисплейи 12 дюйм бўлиб, қалинлиги 6,9 миллиметрга тенг. Батареяси видео тўхтовсиз кўрилганда 9, оддий дастурлардан фойдаланилганда 10 соатга етади. Шунингдек, унда “USB Type-C” порти ҳамда бармоқ излари учун сенсор мавжуд.

Смартфон ёрдамида ўт олдирилади

Жанубий Кореянинг “Samsung” компанияси Германиянинг “SAP” мутахассислари билан ҳамкорликда  смартфонлар учун махсус илова дастури яратди.

Мазкур мобиль дастур ёрдамида масофадан туриб автомобилни ўт олдириш мумкин. Мана шундай инновация асосида ишлайдиган дастлабки “Seat Leon” (Испания) русумидаги автоулов куни кеча Барселонада бошланган “Mobile World Congress — 2016” кўргазмасида намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур форумда дунёнинг 200 та мамлакатидан икки мингга яқин компания соҳадаги энг сўнгги ишланмалари билан қатнашмоқда.

Профессионалларга рухсат бериладими?

Англияда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси йиғилиши бўлиб ўтаяпти. Унда мазкур ташкилот раҳбарияти Олимпиада ўйинларида профессионал чарм қўлқоп усталари иштирокини тақиқлайдиган қоида бекор қилиниши мумкинлигини тасдиқлади. 

Бу бўйича яқин орада қарор қабул қилиниши эҳтимоли бор. Агар шундай бўлса, келгуси Олимпия беллашувларида исталган профессионал боксчи ёши, тажрибасидан қатъи назар, қатнаша олади. Лекин у “Рио-де-Жанейро — 2016” мусобақаларига тааллуқли эмас.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Муваффақиятлар омили Ўсиш суръатлари паст »