Акциялари арзонлашди
  • 11 Февраль 2016

Акциялари арзонлашди

АҚШда асос солинган ва ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйишда фойдаланиладиган “Linkedin” ижтимоий тармоғи акциялари баҳоси “Nasdaq” биржасида бирданига 43 фоиз арзонлашди.

Бу қарийб 11 миллиард доллар, деганидир. Мазкур ҳолат инвесторларни ҳам ҳайрон қолдирди. Ваҳолонки, 2015 йилнинг тўртинчи чорагида компания даромади 32 фоиз ўсиб, фойдаланувчилари сони 400 миллион нафардан ошганди. Жорий йилги пасайиш эса жаҳон иқтисодиётидаги мураккабликлар туфайли ишчи ёллаш бозоридаги фаолликнинг сусайгани билан изоҳланаяпти. Шу боис “Linkedin” маркетинг сервисларининг бир қисмини ёпишни ҳам режалаштирмоқда.

Ижобий ўзгариш
Франция иқтисодиёти турғунликдан чиқаяпти, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Гап шундаки, мамлакат Марказий банки жорий йилнинг январь — март ойларида ялпи ички маҳсулот ҳажми 0,4 фоиз ўсишини башорат қилмоқда. Ўтган йилнинг сўнгги чорагида бу кўрсаткич бор-йўғи 0,2, 2015 йил якуни бўйича эса 1,1 фоизни ташкил этган эди.
Ўз навбатида, Франция саноатида келажакка ишонч индекси охирги тўрт йилда илк бор сезиларли даражада ошган. Лекин хизмат кўрсатиш соҳаси, хусусан, меҳмонхона ва ресторан бизнесидаги ҳолат ҳамон пастлигича қолаётир.

Соат ўз эгасини «танийди»
Жанубий Кореянинг “Samsung” компанияси “ақлли” соатларни янада такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.
Навбатдаги моделнинг энг эътиборли жиҳати шундаки, у эгасини вена қон томирлари жойлашувига қараб аниқлайди ва шундан сўнг ишлайди. Бунинг учун механизмга иккита ёритқич ҳамда махсус камера ўрнатилади. 
Айни пайтда маҳсулотга патент олиш жараёни кетаяпти.

Муқобил ёнилғида учади
Буюк Британиянинг Аргайл вилоятида қаттиқ водородда ҳаракатланадиган илк учувчисиз самолёт синовдан ўтказилди.
Парвоз ўн дақиқа давом этди. Ҳаво лайнери экологияга зарарсизлиги билан ажралиб туради. Ушбу муваффақият “Туманли альбион”даги “Cella Energy” компаниясининг узоқ йиллик изланишлари самарасидир.
Янги турдаги самолётни қувват билан таъминлаш тизими янада такомиллаштирилмоқда. Келгусида ундан узоқ масофаларга мўлжалланган тижорий рейсларда фойдаланиш имконияти туғилади.

Поездлар тўқнашуви
Германиянинг Бавария федерал еридаги Бад-Айблинг аҳоли яшаш пунктида иккита поезд тўқнашиб кетди.
Оқибатда юзга яқин киши жароҳатланди, қурбонлар ҳам бор. Бахтсиз ҳодиса юз берган жойда қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, шифокорлар иш олиб бораяпти. Ушбу ҳудудда темир йўл ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Фалокат сабаблари ўрганилаётир.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn