Рейтинг эълон қилинди
  • 02 Февраль 2016

Рейтинг эълон қилинди

2015 йилда дунёда энг кўп автомобиль сотилган давлатлар номи эълон қилинди.

Унга кўра, бу борада Хитой етакчиликни эгаллаган. Ушбу мамлакатда қарийб 25 миллионта машина харид қилинган. Иккинчи ўринда АҚШ (17,5 миллионта), учинчи ўринда эса Япония (5 миллионта) қайд этилган. Энг яхши савдо кўрсаткичларига эга давлатлар рўйхатидан, шунингдек, Германия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Бразилия, Франция, Жанубий Корея, Италия жой олди.
Умуман, ўтган йили жаҳон бўйича мижозларга 90 миллионта автоулов етказиб берилган.

Акциялари нархи қимматлашди
“Фейсбук” ижтимоий тармоғи ўтган йилнинг охирги чорагини кутилганидан яхшироқ молиявий натижа билан якунлади.
Манбада айтилишича, унинг соф фойдаси икки баробардан зиёдроқ ўсиб, 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу борада жами йиллик кўрсаткичи эса 3,7 миллиард доллар атрофида бўлган.
Ушбу ҳисобот расман эълон қилинганидан сўнг, “Уолл-Стрит” биржасида “Фейсбук” акциялари нархи 7 фоизга қимматлашди.

Асосий ҳомийдан айрилиши мумкин
Германиянинг спорт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Adidas” компанияси Халқаро енгил атлетика федерациясига ҳомийлик қилишдан бош тортди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Бунга асосий сабаб сифатида айрим атлетлар билан боғлиқ допинг машмашалари юзага келгани кўрсатилмоқда. Айтиш жоизки, ушбу ҳолат туфайли спорт уюшмаси миллионлаб доллар маблағдан айрилади.
“Adidas” 2008 йилда тузилган 11 йиллик шартномага мувофиқ, Халқаро енгил атлетика федерациясининг расмий ҳомийси ва лицензияланган маҳсулотлар етказиб берувчиси саналарди.

Соатсозлик буюмлари тақдимоти
Франциянинг “Cartier” заргарлик уйи Халқаро соатсозлик санъати кўргазмасида янги маҳсулотларини намойиш этди.
Унинг қимматбаҳо соатлари орасида нафақат қўлга тақиладиган, балки стол устига қўйиладиган, деворга осиладигани ҳам бор. Айниқса, аждар тасвири туширилган, жавоҳир ва бошқа ноёб тошлардан ишлов берилган маҳсулотлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотаяпти.

Энг илиқ йил
Ўтган йил метеокузатувлар тарихидаги энг илиқ йил, деб топилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу атмосферага ис газлари чиқарилиши оқибатидир.
Чунки бундай зарарли ташламалар ҳароратнинг ортиши, музликларнинг эриши ҳамда океанлар сатҳининг кўтарилишига олиб келмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон метеорология ташкилоти ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича тахминан 1 даражага юқорилаганини тасдиқлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn