Ишсизлик камайди
  • 15 Декабрь 2015

Ишсизлик камайди

Грецияда ишсизлик даражаси, қисман бўлса-да, пасайишда давом этмоқда. Жумладан, сентябрда бу борадаги ҳолат аввалги ойдаги 24,7 фоиздан 24,6 фоизга тушган.

Мамлакат миллий статистика агентлигининг билдиришича, бу 2012 йил июнь ойидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Ўшанда ишсизлик 24,9 фоизга тенг эди.
Греция иқтисодиёти барқарорлашиб бораётганига қарамай, 2016 йилда унинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми қисқариши тахмин қилинаяпти.

Маркетинг самараси
Дунёдаги энг йирик либослар дўконлари тармоғидан бири — “Zara”нинг эгаси “Inditex” компаниялар гуруҳи (Испания) жорий йил тўққиз ойида 2,02 миллиард евро миқдорида соф фойда кўришга эришди.
Бу борадаги ўсиш 20 фоизни ташкил қилди. Савдо ҳажми 16 фоиз ортиб, 14,7 миллиард еврога етди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Европада илиқ об-ҳаво туфайли қишки кийимларга бўлган талабнинг тушиб кетишига қарамасдан, ушбу жамоанинг оқилона маркетинг сиёсати иқтисодий муваффақиятни таъминлаяпти. Гап шундаки, у Хитой бозорига эътиборни кучайтирмоқда. Сабаби Чин ўлкасида ўарбнинг люкс классдаги брендларидан кўра, арзон ва қулай нархлардаги тўқимачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ошиб бораяпти.

Кунлар узаядими?
“Гардиан” нашрининг ёзишича, АҚШ, Канада ва Франция геофизиклари ўзига хос ҳодисани кашф этишди.
Уларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, XXI асрда бир кеча-кундузга камида беш миллисония қўшилиб бормоқда. Келгуси юз йил ичида Ер ўқи Шимолий қутб тарафдан бир сантиметрга силжиб, ҳаракатланиши бир оз секинлашади.
Олимлар музликларнинг эриш суръатларини тадқиқ қилиш жараёнида ана шундай маълумотга эга бўлдилар.

Даромад ошиши кутилмоқда
Жаҳон бозорларида нефть нархининг арзонлашиши ва саёҳат қилишга бўлган талабнинг ортиши туфайли келгуси йилда авиакомпаниялар оладиган даромад ҳажми ошиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) томонидан тайёрланган маърузада баён қилинган. Ташкилот экспертларининг прогнозига кўра, 2016 йилда қарийб 260 компаниянинг соф фойдаси миқдори рекорд даражада ўсиб, 36,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Жорий йилда ушбу кўрсаткич 33 миллиард долларга тенгдир.
Фаолияти янада жонланадиган авиаташувчиларнинг ярмидан кўпи Шимолий Америка вакиллари бўлади.

Кунига бир донадан
Олимларнинг аниқлашича, кунига бир донадан нок истеъмол қилиш инсоннинг ортиқча вазндан қутулиши ва кўркам кўринишга эга бўлишига
ёрдам берар экан.
Диетологлар ўн йил давомида олиб борган тадқиқотдан сўнг ана шундай хулосага келишди. Унга кўра, ушбу меванинг таркибида ёғ, туз ва айниқса, холестериннинг йўқлиги, аксинча, одам организми учун жуда зарур бўлган калий ҳамда бириктирувчи тўқиманинг мўллиги озиш, кўринишни ёшартириш учун айни муддаодир.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn