Ижобий кўрсаткич билан якунлади
  • 28 Ноябрь 2015

Ижобий кўрсаткич билан якунлади

Буюк Британиянинг дунёга машҳур сайёҳлик компанияси —“Thomas Cook” сўнгги беш йилда биринчи марта даромад олишга эришди.

Сентябрь ойида якунига етган навбатдаги молиявий йил таҳлиллари шуни кўрсатдики, ушбу даврда туроператор 23 миллион фунт стерлинг миқдорида маблағ ишлаб топган. Бир йил аввал эса компания 118 миллион фунт стерлингни бой берган эди.
Бироқ айни пайтда жаҳоннинг айрим ҳудудларида кузатилаётган нотинч вазият туризм соҳаси ривожига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур омил туфайли “Thomas Cook”нинг келгуси йилдаги иқтисодий натижалари яна салбий томонга ўзгариши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Йўналишдан қайтарилди
АҚШнинг “American Airlines” авиакомпаниясига қарашли самолёт Тампа шаҳридаги аэропортдан ҳавога кўтарилиб, бир оз вақтдан сўнг фавқулодда қўндирилди.
Бунга лайнер двигателида юзага келган техник носозлик сабаб бўлган. Ушбу воқеа самолёт “Тампа — Филадельфия” йўналиши бўйича парвозни бошлаган пайтда юз берган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Энг иссиқ йил
БМТ Бутунжаҳон метеорология хизмати маълумотларига кўра, 2015 йил метеокузатувлар бошланганидан буён қайд этилган энг иссиқ йил сифатида тарихда қоладиган бўлди.
“Айни шу масала яқинда БМТнинг иқлим муаммоларига бағишлаб ўтказиладиган навбатдаги конференциясининг асосий мавзуси бўлади”, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Табиатдаги ўзгаришларнинг салбий таъсирига Тибетдаги абадий музликларнинг эриб бораётгани ёрқин мисолдир. Сўнгги ярим асрда бу ерда унинг қалинлиги 26,5 сантиметр қисқарган.

Статистика маълумотини эълон қилди
Япониянинг “Sony” корпорацияси “PlayStation” русумидаги ўйин қурилмаларининг энг сўнгги, яъни тўртинчи авлоди савдоси бўйича статистика маълумотларини эълон қилди.
Манбада қайд этилишича, “PlayStation 4” харидорлар ҳукмига ҳавола қилинганидан то ҳозирги вақтга қадар унинг 30,2 миллион донаси сотилган. Бу ушбу турдаги ўйин жиҳозлари савдоси тарихидаги энг яхши кўрсаткичдир.
Мазкур бозордаги йирик ишлаб чиқарувчилардан яна бири —“Microsoft” ўзининг “Xbox One” русумидаги ўйин жиҳозлари сотуви бўйича бирор бир маълумотни ошкор этгани йўқ. Япониянинг бошқа бир компанияси “Nintendo” эса 2015 йил 30 сентябргача “Wii U” русумли ўйин қурилмаларидан 10,73 миллион дона сотганини билдирди.

Фойдасидан зарари кўп
Денгиз ҳавоси кўпчилик ўйлаганидек, инсон организми учун у қадар фойдали эмас.
Швециянинг Лунд университети мутахассислари ана шундай фикрни илгари суришмоқда. Олимларнинг айтишича, уммон ҳавоси таркибида кемалар ҳаракати туфайли ажралиб чиққан заҳарли моддалар кўп учрайди. Мазкур масалага янада аниқлик киритиш мақсадида илмий доиралар вакиллари шифокорлар билан ҳамкорликда нафас йўллари касалликларига чалиниб, денгизга яқин жойлашган масканларда ҳордиқ чиқарган кишиларнинг тиббий таҳлилларини ўрганишди. Натижада ушбу беморларга бундай ҳудудлар ҳавосининг нафидан кўра зиёни кўпроқ теккани маълум бўлди.
Мутахассислар астма хасталиги ривожланиши юқори инсонларга денгиз ҳавосидан баҳра олиш учун кемалар қатнови кам жойларга боришни тавсия этишмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Акцияларини сотди Кутилганидек эмас »