«Мамлакатингиз билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятидамиз»
  • 20 Ноябрь 2015

«Мамлакатингиз билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятидамиз»

Германиянинг Гамбург шаҳрида мамлакатимизнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда мазкур давлат жамоатчилик, академик ва ишбилармон доиралари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбир чоғида иштирокчиларга республикамизда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар, иқтисодиётни модернизациялаш ва саноатни диверсификация қилиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу нуқтаи назардан, меҳмонлар эътибори Тошкентда ўтказилган Халқаро инвестициявий форум, IХ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳамда Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши иккинчи йиғилишининг якуний натижаларига қаратилди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг юксак сайёҳлик салоҳияти ва республикамизда мазкур соҳа инфратузилмаси, меҳмонхона бизнеси, транспорт ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумотлар акс этган буклет ва брошюралар ҳавола қилинди.
Миллий ҳунармандчилик ҳамда амалий безак санъатининг турли намуналарини ўз ичига олган, шунингдек, мамлакатимизнинг бетакрор тарихий обидалари, мустақиллик йилларида эришилган муваффақиятлар, рўёбга чиқарилаётган кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижалари, юртимизнинг сармоявий салоҳияти ҳақидаги маълумотлар акс этган Ўзбекистон миллий экспозицияси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Тақдимот чоғида юртимизнинг тарихий ва маданий мероси ҳамда замонавий тараққиётига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбир меҳмонлари ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиш билан бирга, ушбу соҳага оид миллий анъаналаримиз билан яқиндан танишдилар.
“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири айрим иштирокчилар билан мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида қўлга киритган муваффақиятлари ҳамда иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.
Германиянинг “APA-KANDT” компанияси директори Антониус Верле Ўзбекистоннинг юксак иқтисодий салоҳиятини эътироф этиш баробарида, қуйидагиларни ҳам таъкидлаб ўтди:
— Компаниямиз машинасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда целлюлоза-қоғоз саноати соҳасига ихтисослаштирилган бўлиб, 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида халқаро бозорда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва модернизация қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари юксак эътирофга лойиқ. Республикада ҳар йили дунёнинг қатор мамлакатлари, шу жумладан, Германиядан ташриф буюрган ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида турли халқаро иқтисодий форумлар, саноат ярмаркалари ва бошқа йирик тадбирлар ўтказилаётир.
Ўзбекистон Германияга энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири сифатида қарагани ҳолда, немис сармояларининг мамлакат иқтисодиётига жалб этилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бераётганидан бағоят мамнунмиз. Айни пайтда бу борада “Made in Germany” белгиси остидаги ноу-хау ва илғор технологияларга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум, IХ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси, шунингдек, Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши иккинчи йиғилишининг якуний натижалари хорижий сармоядорлар ҳамда бизнес вакилларининг Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигидан далолат беради. Ўз навбатида, биз ҳам ўзбекистонлик шерикларимиз билан ҳамкорликни изчил давом эттириш ниятидамиз.


«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Харид учун таклиф Акцияларини сотди »