Харид учун таклиф
  • 20 Ноябрь 2015

Харид учун таклиф

Айни пайтда мураккаб вазиятни бошдан кечираётган Япониянинг “Sharp” компанияси ушбу ҳолатдан чиқиб кетиш учун барча зарур чораларни кўраяпти.
Жумладан, компания маъмурияти савдо ҳажмини ошириш ниятида ходимларидан ўз маҳсулотларини сотиб олишни сўради. Манбада изоҳланишича, албатта, бу қатъий талаб эмас. Лекин кимдир маиший техника ва электроника воситалари харид қилиш ниятида бўлса, танловни, энг аввало, қадрдон корхонасидан бошлагани мақсадга мувофиқлиги тавсия этилмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда “Sharp” фаолияти у қадар яхши ривожланмаяпти. Масалан, компания Шимолий Америка бозоридан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бундан ташқари, бошқа рақобатчилар томонидан худди шу турдаги маҳсулотлар арзон баҳоларда таклиф этилаётгани ҳам унинг савдоси пасайишига олиб келаётир.

Аэропорт ёпиб қўйилди
АҚШнинг Карлсбад шаҳри (Калифорния штати)даги аэропортда кўнгилсиз воқеа юз берди. Гап шундаки, бу ерда вертолёт қулаб тушди. Оқибатда ёнғин келиб чиқиб, унинг бортида бўлган икки киши ҳаётдан кўз юмди. Ушбу ҳодиса туфайли аэропорт вақтинча ёпиб қўйилди. Мутахассислар фалокат сабабини аниқлашмоқда.


Кутилганидан паст
Октябрь ойида Буюк Британияда чакана савдо ҳажми, тахмин қилинганидек, 0,5 фоиз ўрнига 0,6 фоиз пасайган.
Шунга қарамай, бу борадаги йиллик кўрсаткич 3,8 фоиз ўсган, дейилади мамлакат миллий статистика бошқармаси маълумотида. Ўтган ойда автомобиль ёнилғиси учун харидлар миқдори аввалги ойдагига нисбатан 1,7 фоиз ошгани бунда муҳим омил бўлди.
Статистикага кўра, Буюк британияликлар озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга 0,3, кийим-кечаклар ва уй жиҳозлари харид қилишга аввалги ойдагига нисбатан тегишли равишда 1,8 ва 0,8 фоиз кам маблағ сарфлашган.


Тезкор чора кўрилди
Уэльс пойтахти Кардифф шаҳридаги пўлат ишлаб чиқарувчи корхонанинг ертўласида портлаш рўй берди. Натижада ёнғин келиб чиқди, беш киши жароҳатланди. Қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ. Фавқулодда ҳолат туфайли ходимлар зудлик билан эвакуация қилиниб, “тилсиз ёв” бартараф этилди.


Ноёб топилма
Ботсвана ҳудудидаги “Karowe” конидан оғирлиги 1111 каратга тенг бўлган олмос топилди.
Қиёслаш учун келтириб ўтиш жоиз, қимматбаҳо тошнинг ҳажми қарийб теннис коптокчасига тенг. Кон Канаданинг “Lucara Diamond Corp.” компаниясига тегишлидир.
— Бу сўнгги юз йил ичида аниқланган энг катта олмос ҳисобланади, — дейди мазкур компания директори Уильям Лэм. — Шу боис ҳозир унинг қийматини баҳолаш мушкул.
Бунгача дунёдаги энг катта жавоҳир 1905 йили Жанубий Африка Республикасида топилган. Унинг оғирлиги 3106 каратга тенг бўлиб, 2 миллиард АҚШ долларига баҳоланган эди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn