Беш қаватли автодўкон
  • 19 Ноябрь 2015

Беш қаватли автодўкон

Автомобиллар савдоси билан шуғулланадиган “Carvana” компанияси АҚШнинг Нэшвилл шаҳрида беш қаватли махсус дўконни ишга туширди. Бу ҳақда “Gizmag” ахборот манбаси хабар тарқатди.

Мазкур иншоот тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, мижоз ўзига ёққан автоуловни махсус жетон ёрдамида сотиб олиши мумкин. Пул эса харидорнинг банкдаги ҳисоб рақамидан ечиб олинади.

Сабаби номаълум
Хитойнинг Ляонин музофотидаги кимё заводида портлаш рўй берди, дейилади “CCTV News” телеканали хабарида.
Ҳозирча ушбу нохуш воқеа сабаблари, унинг оқибатида жабрланган ва қурбон бўлганлар тўғрисида маълумот берилмаган. Бундан олдин Шаньдун провинциясидаги худди шундай объектда содир бўлган портлаш туфайли тўққиз киши ҳаётдан кўз юмганди.

Антиқа соат
Япониянинг “Casio” компанияси “G-Shock” бренди остида янги соатлар моделини тақдим этди.
Эътиборлиси, ишлаб чиқарувчилар ушбу қурилмага “еса бўладиган” соат, дея таъриф беришмоқда. Гап шундаки, унинг ташқи кўриниши қизил, кўк ва оқ шакар кукуни сепилган печеньени эслатади. Унга қўйилган батарейка эса 10 йил тўхтовсиз ишлайди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, “Casio”га 1946 йили асос солинган бўлиб, у дунёда ўзининг электроника маҳсулотлари — калькуляторлари, фотокамералари, мусиқа асбоблари, планшетлари ва қўл соатлари билан машҳур.

Қизиқарли тадқиқот
Кардифф университети олимлари боланинг эрталабки нонуштаси билан дарслардаги иштироки ўртасида боғлиқлик борлигини аниқладилар.
Эрталаб овқатланиб, мактабга борадиган болалар нонуштани хоҳламайдиган тенгдошларига нисбатан икки баробар яхши ўқир экан.
Тадқиқотлар 9-11 ёшли ўқувчилар ўртасида 18 ой давомида ўтказилди. Пировардида тонгда фастфуд, ширинликларни ейдиган болалар ўқув дастурини бошқаларга нисбатан ёмон ўзлаштириши маълум бўлди. “Public Health Nutrition” илмий журналида чоп этилган мақолада ана шулар ҳақида батафсил сўз юритилган.

Умрни узайтиради
Балиқ истеъмол қилиш инсон умрини икки йилга узайтиради.
Америкалик олимлар 16 йиллик тадқиқотдан сўнг ана шундай хулосага келишди. Мазкур давр мобайнидаги кузатув жараёнида 50 ёш атрофидаги 3000 нафар кўнгилли қатнашган. Иштирокчилар вақти-вақти билан текширувдан ўтказиб турилган. Пировардида овқатланиш рационига балиқ қўшилганида турли касалликлар, хусусан, юрак-қон томир хасталикларига чалиниш хавфи жуда паст эканлиги аниқланган. Мутахассисларнинг айтишича, бундай ижобий кўрсаткичга эришиш учун ҳар куни денгиз таомларини тановул қилиш шарт эмас. Ҳафтада икки марта балиқ ейилса, кифоя.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мажбурий чора қўллайди Харид учун таклиф »