«Ақлли» механизм
  • 05 Ноябрь 2015

«Ақлли» механизм

Швейцариянинг “Breitling” компанияси янги моделдаги “ақлли” соатини тақдим этишга тайёрланмоқда.

Унинг номи “Exospace” бўлиб, 16 декабрь куни Нью-Йоркда кенг оммага намойиш қилинади, дея ёзилади “WWD” нашрида.
Соат симсиз алоқа орқали смартфонга уланади ҳамда хронограф (бирор воқеанинг содир бўлган вақтини аниқ белгилаб ёзиб оладиган асбоб), гирокомпас ва қон босимини ўлчайдиган мослама вазифаларини ҳам бажаради.
Айтиш жоизки, ушбу компания 1884 йилдан буён фаолият юритиб келади.

Иш ўринлари қисқартирилади
Автомобиль шиналари ишлаб чиқариш бўйича дунёга машҳур “Michelin” компанияси (Франция) мамлакат ташқарисидаги филиалларида 1600 дан ортиқ иш ўрнини қисқартиришга қарор қилди.
Ушбу жараён Италия, Германия ва Шимолий Ирландиядаги учта заводда амалга оширилади. Яқин уч йил ичида эса уларнинг фаолияти бутунлай тўхтатилади.
“Michelin” реструктуризация тадбирлари учун 280 миллион евро миқдорида маблағ йўналтиришни режалаштирган, дейилади “Euronews” телеканали хабарида. Ўз навбатида, қўшимча 265 миллион евро Буюк Британия ва Италиядаги корхоналари ҳамда логистика тармоқларини модернизация қилишга сарфланади.

Нуқсонли ёстиқчалар учун жарима
АҚШнинг транспорт вазирлиги Япониянинг хавфсизлик ёстиқчалари ишлаб чиқарувчи “Takatа” компаниясидан 200 миллион доллар миқдорида жарима талаб қилмоқда.
Бу ҳақда “Reuters” хабар тарқатди. Вазирлик мутахассисларининг таъкидлашича, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларда учраётган нуқсонлар кўнгилсиз ҳодисаларнинг юзага келишига сабаб бўлаяпти. Масалан, хавфсизлик ёстиқчалари автоҳалокат рўй берган вақтда тўғри очилмайди, айрим ҳолларда ёрилиб ҳам кетади. Оқибатда бундан ҳайдовчилар ва йўловчилар жиддий жароҳат олади. Ҳатто фожиа билан якунланган воқеалар ҳам кузатилган. Маълумотларга қараганда, ҳозиргача ана шундай носозлик туфайли етти киши ҳаётдан кўз юмган, юзга яқин одам жароҳатланган.

Мусобақа тарихида биринчи марта
От пойгаси бўйича “яшил қитъа”даги энг нуфузли турнир — Мельбурн кубоги тарихида биринчи бор аёл киши ғолиб бўлди.
Беллашув аввалида аутсайдерлар қаторида тилга олинган австралиялик Мишель Пейн финиш чизиғига саноқли метрлар қолганида италиялик машҳур чавандоз Франки Деттордан ўзиб кетиб, муваффақият қозонди.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Кутилганидан ҳам юқори Меъёрдан юқори »