«Мазкур ташрифим мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ва дўстона алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади»
  • 26 Октябрь 2015

«Мазкур ташрифим мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ва дўстона алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади»

Япония Бош вазири Шиндзо Абэ ўзининг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги саволларига жавоб берди.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг кенгайиши ва чуқурлашиши йўлида Ўзбекистонга бўладиган ташрифингизнинг ўрни ҳамда аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
— Орадан 9 йил ўтиб, Япония Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи уюштирилаётганидан бағоят мамнунман. Ҳозирги ташрифим доирасида Президент Ислом -Каримов билан илк учрашув чоғида сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларга оид кенг қамровли масалаларни атрофлича муҳокама қилиш ниятидаман.
Кўплаб японияликлар қадимдан Буюк Ипак йўлининг муҳим стратегик бўғини ҳисобланган Ўзбекистон тарихи ҳамда маданиятини ўрганишга кучли иштиёқ ва катта қизиқиш билдиришади. Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларнинг бетакрор гўзаллигига мафтун бўлганлар ҳам кам эмас.
Тошкент шаҳрининг марказида қурилишида япон фуқаролари иштирок этган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жойлашган. Менга маълумки, Президент Ислом Каримов ва бутун ўзбек халқи мазкур театрга катта ҳурмат билан қарайди.
Японияда турли жабҳаларда мамлакатингизга қизиқадиган ихлосмандлар сони жуда кўп. Мазкур ташрифим икки давлат ўртасида тарихий ва дўстона алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишига умид билдираман.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим ўрин тутувчи йирик давлат ҳисобланади. Шу боис юртингиз билан нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, балки Марказий Осиё минтақаси учун умумий бўлган транспорт, логистика, сув таъминоти, электр энергияси, гиёҳвандлик моддалари савдосига қарши кураш ва давлат чегараларини назорат қилиш сингари жабҳаларда ҳам ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз. Мазкур соҳалар “Марказий Осиё + Япония” -мулоқот механизми доирасида Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим муҳокама мавзулари ҳисобланади.
— Давлатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси ҳамда истиқболлари ҳақида ўз қарашларингизни ўртоқлашсангиз. Япония компанияларининг Ўзбекистонда сармоявий лойиҳалардаги иштироки хусусида ҳам фикр-мулоҳазаларингизни билишни истар эдик.
— Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида сиёсий жабҳада олий даражадаги ўзаро ташрифларни қамраб олувчи фаол сиёсий мулоқот кузатилмоқда. Умид қиламанки, мазкур ташрифим самараси сифатида икки мамлакат ўртасида бу борада ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.
Савдо-иқтисодий соҳада, икки томонлама алоқалар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, кейинги йилларда япон компаниялари турли шаклларда Ўзбекистон саноатини диверсификациялашга ҳисса қўшувчи лойиҳаларда иштирок этиб келаётир. Хусусан, автобус ва юк машиналари ҳамда кимёвий ўғитларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган заводлар, ахборот технологиялари ҳамда бошқаларни бунга мисол сифатида келтириш мумкин.
Бироқ Ўзбекистоннинг етарли салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд, деб ўйлайман. Мазкур ташрифим доирасида мен билан биргаликда кўп сонли иқтисодий делегация Тошкентга келаяпти. Умид қиламанки, ушбу делегация Япония компаниялари Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритишига ҳамда япон технологиялари ва тажрибасининг юртингиз тараққиётида ўз муносиб татбиғини топишига замин яратади.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда энергетика ва қишлоқ хўжалиги тизимларини модернизациялаш соҳаларида амалга оширилаётган иенли кредит лойиҳалари ёрдамида япон технологияларини қўллаш орқали юқори сифатли инфратузилмалар барпо этилмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш билан бирга, Япония компаниялари томонидан янада кўпроқ сармояларнинг киритилишига хизмат қилиши ҳам кўзда тутилган.
Тошкентдаги Ўзбек-япон марказида хусусий тадбиркорларни тайёрлаш дастури амалга оширилаётир. Шунингдек, давлат идораларининг ёш ходимлари учун Японияда малака оширишни кўзда тутувчи ўқув дастурлари йўлга қўйилган.
Япония ҳукуматининг “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида берилаётган кўмаги Ўзбекистонда юқори баҳоланаётганидан мамнунман.
Маданий-гуманитар соҳага тўхталадиган бўлсак, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстлик ришталари Ўзбекистонда япон тилини ўрганиш, теледастурлар билан алмашинув ҳамда анъанавий жанг санъати турлари ва спортни ривожлантириш сингари соҳаларда кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали мустаҳкамланишига умид қиламан.


«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn