Агросаноатимиз ютуқлари хорижлик мутахассислар нигоҳида
  • 29 Сентябрь 2015

Агросаноатимиз ютуқлари хорижлик мутахассислар нигоҳида

Қуйида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги жабҳасида қўлга киритилган муваффақиятлар ҳамда мамлакатимизнинг «Expo Milano — 2015» умумжаҳон кўргазмасидаги иштироки юзасидан Италия ишбилармон ва эксперт доиралари вакиллари «Жаҳон» ахборот агентлиги мухбирига  билдирган фикр-мулоҳазалар ўз аксини топган.

«Италия — Ўзбекистон» дўстлик ассоциацияси раиси, профессор Рокко АБРАМ:

— Маълумки, озиқ-овқат хавфсизлиги мазкур умумжаҳон кўргазмасининг асосий мавзуси ҳисобланади. Шуни қайд этиш муҳимки, Ўзбекистонда бу соҳага катта эътибор қаратилади. Республиканинг ушбу кўргазмада қатнашиши мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давомидир. 
Ўзбекистон павильонига борганимда, кўзларим қувонди. У ерда мамлакатнинг аграр жабҳадаги улкан салоҳияти намойиш этилмоқда. Шуни айтиш керакки, миллий стенд жуда чиройли ва дид билан тайёрланган. Унда мамлакатнинг озиқ-овқат концепцияси яққол акс этгани ҳолда, серқуёш Ўзбекистоннинг дунёда донғи кетган ранг-баранг озиқ-овқат маҳсулотлари бу майдонча пештахталаридан жой олган.
Дунёда табиий ва озиқ-овқат маҳсулотлари чеклангани ҳақидаги ахборотни жамоатчиликка етказиш мазкур кўргазманинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўйлайманки, бу нуқтаи назардан сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича мамлакатингиз бошқаларга намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Чунки сув ресурслари қишлоқ хўжалиги ривожи учун беқиёс неъмат ҳисобланади.
Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар аграр хўжалигини чуқур диверсификациялашга, аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўла таъминлаш ҳамда етиштирилаётган ноз-неъматларнинг жаҳон бозорида юқори рақобатбардошлигига эришишга йўналтирилгандир. Шу нуқтаи назардан, узоқни мўлжаллаган ҳолда ушбу соҳани модернизациялаш йўлида амалга оширилаётган ишлар қувонарлидир.  

Сальваторе КАЧЧОЛА, «AQ International» компанияси директори:

— «Expo Milano — 2015»  иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳасида, шу жумладан, мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва фермерлари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади.
Мустақил ривожланиш йилларида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги тараққиёти ҳақидаги қатор материалларни ўрганган мутахассис сифатида шуни қайд этишни истар эдимки, мамлакатда аграр жабҳа тармоқларини диверсификациялаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва инфратузилмалар қурилишини имтиёзли кредитлаш тизимини кенгайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилгани киши қалбида ҳурмат туйғусини уйғотади.  
1997 йилдан бошлаб Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги барқарор равишда 6-7 фоиз миқдорида ўсишнинг ижобий суръатларини намоён этаётгани менда катта таассурот қолдирди. Маълумки, кейинги йиллар давомида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиш ҳажми 8 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Бундай иқтисодий ривожланишда қишлоқ хўжалиги алоҳида ўрин тутади.


«Жаҳон» АА.
Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn