«Defense Journal»: «Ўзбекистон мўъжизаси»
  • 29 Сентябрь 2015

«Defense Journal»: «Ўзбекистон мўъжизаси»

Покистонда нашр этиладиган “Defense Journal” журналининг навбатдаги сонида “Ўзбекистон мўъжизаси” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Покистон Марказий банки Таҳлил бошқармасининг етакчи эксперти Маҳмуд Ул-Ҳасан қаламига мансуб мазкур мақолада мамлакатимиздаги изчил ва мувозанатли иқтисодий ўсишни таъминлашга йўналтирилган  туб ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, саноатнинг диверсификация қилиниши, банк тизимининг босқичма-босқич либераллашуви ҳамда уларнинг натижаси ўлароқ, аҳоли фаровонлигининг ошгани чуқур ва ҳар томонлама таҳлил этилган.
Мақолада ислоҳотларнинг асосий босқичлари, сўнгги йиллар давомидаги макроиқтисодий кўрсаткичларимиз ҳақидаги атрофлича маълумотлар ўз аксини топган.
Журналда ёзилишича, Ўзбекистон суверен ривожланиш йиллари давомида ички ва ташқи қарзи паст даражадаги, фавқулодда муваффақият билан ривожланаётган мамлакатга айланди.
Маълум қилинишича, Жаҳон банки маърузасида қайд этилганидек, дунё иқтисодиётидаги мураккаб тамойиллар ҳамон ўз таъсирини кўрсатиб турганига қарамасдан, республикада барқарорлик намоён бўлмоқда.
Хусусан, саноатни ва инфратузилмани модернизациялаш, шунингдек, хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари қабул қилингани туфайли 2015 йили ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши доимгидек юқори бўлиши башорат қилинмоқда.  
Шунингдек, мақолада Ўзбекистоннинг чуқур ўйланган фаол сармоявий сиёсатига ҳам юқори баҳо берилган. “Бу йўналишдаги стратегиянинг ўзига хос жиҳати шундаки, хом ашё ресурслари чуқур қайта ишланишини таъминлайдиган янги, юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришни барпо этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, ўтган йил якунлари бўйича иқтисодиётга сармоя киритиш ҳажми 10,9 фоиз ошгани ҳолда, 14,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди”, дея ёзилади нашрда.
Муаллиф кейинги йиллар давомида Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлайди. “Мустақиллик қўлга киритилгунгача кичик бизнес умуман бўлмаган республикада бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизи иқтисодиётнинг шу жабҳаси ҳиссасига тўғри келмоқда”.
Мақолада мамлакатимиз банк тизимининг замонавий ривожланишига алоҳида бўлим ажратилган. Маълум қилинганидек, “Ўзбекистонда изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган ислоҳотлар натижасида банкларнинг капиталлашув ва депозит базаси даражасининг юқори ўсиши, уларнинг барқарорлиги ва юқори рейтинг кўрсаткичлари ҳамда иқтисодиётнинг реал жабҳасини кредитлаш ҳажмлари кенгайиши таъминланмоқда”.
Кейинги йиллар давомида дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари республика банк тизимини “Барқарор” деб баҳолаётгани ҳам мақолада алоҳида таъкидланган. “Standard & Poor‘s” халқаро рейтинг агентлиги ҳисоботида қайд этилишича,  МДҲ ҳудудидаги айрим мамлакатлар рейтинг кўрсаткичларида пасайиш кузатилаётган шароитда, Ўзбекистон банк тизимининг ҳолати “Барқарор”, деб баҳоланди”.
Мухтасар айтганда, мазкур мақолада Покистон жамоатчилиги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг салмоқли натижалари ҳамда мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақидаги атрофлича маълумотлар билан яқиндан таништирилган.


«Жаҳон» АА.
Исломобод

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn