Катта даромад олади
  • 29 Сентябрь 2015

Катта даромад олади

Янги Зеландиянинг сут ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган дунёга машҳур “Fonterra” компанияси жорий йилда 317,36 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад олишини маълум қилди.
Бу ўтган йилдагига нисбатан уч баробар кўп. Компания фаолиятидаги ижобий ҳолат йилнинг иккинчи ярмида сут маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиши билан боғлиқ. Ваҳолонки, биринчи ярим йилликда вазият бутунлай бошқача эди.

Портдаги фалокат
Гонконгдаги портда ўнта кема ёниб кетди, дейилади маҳаллий телевидение томонидан тарқатилган хабарда.
Бахтсиз ҳодиса оқибатида беш киши тан жароҳати олди. Манбада айтилишича, дастлаб причал (кемаларни боғлаб қўйиладиган жой)дан 200 метр узоқликда турган сув транспортида ёнғин келиб чиққан. Кейин “тилсиз ёв” унга яқин жойлашган бошқа кемаларга ҳам ўтган.

Биринчи корхонасини очди
АҚШнинг электр автомобиллар ишлаб чиқарувчи “Tesla Motors” компанияси Европада ўзининг биринчи заводини очди.
Нидерландиянинг Тилбург шаҳрида фаолият бошлаган мазкур корхона йилига 500 минг дона машина ишлаб чиқариш қувватига эга. Янги заводда “Model S” седани модификациясини йиғиш имконияти ҳам яратилган. Шунингдек, корхона ҳудудида 750 метрлик синов майдони мавжуд бўлиб, унга турли қопламалар ётқизилган. Бу ерда автомобилларнинг шовқин ва тебраниш даражаси ҳамда автоном ҳолда бошқариш тизими каби жиҳатлари синаб кўрилади.
“Tesla Motors” раҳбарининг айтишича, 2016 йил бошида компания Европада яна бир нечта корхона очишни мўлжалламоқда.

Соҳилдаги сирли ҳодиса
Австралиянинг Квинсленд штатидаги пляж ўрнида улкан ўра ҳосил бўлди.
Диаметри 200, бўйи эса қарийб уч метрга тенг келадиган ушбу чуқурлик пайдо бўлиши билан у дарров сувга тўлган. Ўра битта енгил ва юк машинасини ютиб юборган бўлса-да, жабрланганлар йўқ. Воқеа жойидан юз нафарга яқин сайёҳ эвакуация қилинди. Маҳаллий ҳукумат чуқур янада кенгайиб кетиши мумкинлигидан хавотирда.


Тўфон хавфи
Тайваннинг шимоли-шарқий соҳилларига “Дуцзюань” номли тўфон етиб келди. Энди у Хитой томон ҳаракатланмоқда.
Хитой метеорология бошқармасининг хабар қилишича, табиий офат марказида шамолнинг тезлиги сониясига 48 — 50 метрни ташкил этаяпти. Бир оз ўтиб унинг кучи 30 — 35 м/с. гача пасайиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тўфон кучли ёғингарчилик олиб келади ҳамда у туфайли денгизда баландлиги етти метргача етадиган тўлқинлар пайдо бўлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn