Жанубий Корея кутубхоначилиги билан танишув
  • 17 Сентябрь 2015

Жанубий Корея кутубхоначилиги билан танишув

Яқинда мамлакатимиз кутубхоначилик соҳаси мутахассислари Сеулда бўлдилар. Мазкур сафар Кёнхи университетининг Марказий кутубхонаси томонидан ташкил этилди.

Маълумки, 2014 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Кёнхи университетининг Марказий кутубхонаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум  имзоланган эди. Ушбу ҳужжат доирасида мамлакатимиздан икки маротаба ана шундай сафар уюштирилди.
Сеулда ўзбек кутубхоначилари Корея Республикасида ҳужжатларни сақлаш ва электрон кутубхоначилик тизимининг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишдилар. Хусусан, Корея Миллий кутубхонасида замонавий технологиялардан фойдаланишдаги ўзига хосликлар юртдошларимизнинг эътиборига ҳавола қилинди.
Кёнхи университетининг Марказий кутубхонасида эса Ўзбекистон вакиллари учун тақдимот маросими ташкил этилди. Тадбир чоғида мазкур кутубхона тарихи ва унинг бугунги фаолияти, зиё масканида китобхонлар учун тайёрланган шароитлар ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир маълумотлар мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Сафар якунлари бўйича ўзаро академик ресурсларни алмашиш юзасидан келишувга эришилди. Унга кўра, Кёнхи университети Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини корейс тилидаги материаллар билан таъминлайди. Бундан ташқари, томонлар Жанубий кореялик кутубхоначиларнинг Тошкентга сафарини ташкил этишга ҳам келишиб олди.


«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Жаҳон 24 соат ичида Катта даромад олади »