Жаҳон 24 соат ичида
  • 25 Август 2015

Жаҳон 24 соат ичида

2016 йилда Ҳиндистоннинг Керала штатидаги Кочин шаҳрида қуёш энергияси тизими жорий этилган халқаро аэропорт фаолият бошлайди. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти маълум қилди.

Иншоотга электр манбаини 46 мингдан ортиқ қуёш панеллари етказиб беради. Эътиборлиси, мазкур лойиҳа амалга оширилиши билан келгуси 25 йил ичида атроф-муҳитга 300 минг тонна заҳарли модда тарқалишининг олди олинади.

* * *

Хитойнинг Юньнань провинциясида кўчки юз бериши оқибатида уч киши ҳаётдан кўз юмди, саккиз нафар одам бедарак йўқолган.
Табиий офат туфайли ушбу ҳудуддан ўтган автомобиль йўлига ҳам жиддий зарар етган. Қидирув-қутқарув тадбирларига 200 нафардан ортиқ мутахассис ва ўндан зиёд техника жалб этилган.

* * *

АҚШнинг “Apple” компанияси савдога чиқарилган “iPhone 6 Plus” русумидаги смартфонларнинг бир қисмини қайтариб олади.
Гап шундаки, 2014 йилнинг сентябрь ойидан 2015 йилнинг январига қадар сотилган ушбу алоқа воситаларининг камераларида камчилик борлиги аниқланган. Ушбу нуқсон тасвирларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ҳозирча айнан қанча миқдордаги телефонда ана шундай камчилик мавжудлиги аниқ эмас.

* * *

Буюк Британиянинг “Intelligent Energy” компанияси смартфонлар учун қуввати бир ҳафтага етадиган батарея ишлаб чиқарди.
“Маҳсулотимизнинг афзаллиги шундаки, у инновацион технологиялар асосида жуда юпқа қилиб ишланган. Айни шу жиҳат смартфонлар тайёрловчи компаниялар эътиборини тортишига ишончимиз комил” дейди компания бош директори.

* * *

Пиреней тоғ тизмаларининг Испаниядаги ҳудудидан бундан 130 млн. йил муқаддам ўсган гул қолдиқлари топилди.
Аслида “Montsechia Vidalii” турига мансуб ушбу ўсимлик ҳақида тадқиқотчилар ярим аср муқаддам маълумотга эга бўлишган. Аммо унинг ёши борасида турли қарашлар мавжуд эди. Ниҳоят, замонавий технологиялар бу масалага аниқлик киритиш имконини берди. Мутахассисларнинг айтишича, ўсимлик гулдан кўра кўпроқ ингичка шохли сув ўтларига ўхшаб кетар экан.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn