Яна молиявий ёрдам кўрсатилади
  • 22 Август 2015

Яна молиявий ёрдам кўрсатилади

Греция халқаро кредиторлар билан келишилган шартга мувофиқ, аввалги қарзини қоплаш мақсадида 3,4 миллиард евро миқдоридаги маблағни Европа марказий банки ҳисобига ўтказди.

Бу ҳақда “Франс-пресс” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Маълумки, шу ҳафтанинг чоршанба куни евроҳудуд молия вазирлари иштирокида бўлиб ўтган мажлисда мазкур давлатга учинчи молиявий ёрдам дастури доирасида дастлабки транш маблағи — 26 миллиард евро бериш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. У бўлиб-бўлиб йўналтирилади. Масалан, ноябрь ойида қарз олувчи ҳисобига 3 миллиард евро ўтказилади. Умуман, келгуси уч йил ичида халқаро кредиторлар Грецияга иқтисодий тангликдан чиқиб кетиши учун жами 86 миллиард евро ажратишни режалаштиришган.

Статистика маълумоти таъсири
Жаҳон бозорларида нефть нархи яна тушди. Жумладан, биржаларда ўтказилган сўнгги савдолар чоғида “Brent” типидаги “қора олтин”нинг бир баррели 46,32 АҚШ долларига баҳоланган. Бу 2009 йилнинг март ойидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Гап шундаки, ўша йили углеводород хом ашёсининг ҳар баррели 45,11 доллардан сотилган эди. Кейинги олти йил ичида эса ушбу маҳсулот қиймати мунтазам ўсиб борди. Эндиликда, аксинча, тушаяпти. Манбада таъкидланишича, нархдаги энг сўнгги кескин пасайишга АҚШда нефть захиралари 2,6 миллион баррель ошиб, 456,2 миллион баррелга етгани ҳақида 19 август куни эълон қилинган статистика маълумоти сабаб бўлган.

Тафсилотлар аниқ эмас
Ўтган ҳафтада Хитойнинг Тяньцзинь шаҳридаги омборхоналардан бирида кучли портлашлар рўй бериб, унинг ортидан келиб чиққан ёнғин катта ҳудудга зарар етказгани хабар қилинган эди.
Орадан бир неча кун ўтган бўлса-да, ўша жойда яна тўртта ёнғин ўчоғи аниқланди, дея маълумот тарқатди “Синьхуа” ахборот агентлиги. Лекин ҳозирча навбатдаги ҳодиса ҳақида тафсилотлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Тяньцзинда содир бўлган портлашлар оқибатида 114 киши ҳаётдан кўз юмди, 700 нафардан ортиқ одам жароҳатланди. Шунингдек, 57 киши бедарак йўқолди.

Энг иссиқ ой
“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, жорий йилнинг июль ойи метеокузатувлар бошланганидан буён энг иссиғи бўлди.
Яъни ўртача ҳарорат 16,6 даража илиқни ташкил этди. Бу, қолаверса, 1998 йилда қайд этилган рекорд кўрсаткичдан 0,08 даража юқоридир. АҚШнинг океанлар ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, нафақат июль ойи, балки 2015 йилнинг ўзи энг иссиқ келган йил бўлди.

Ғаройиб балиқ тури
Африкада ғаройиб балиқ тури аниқланди. Унинг ноодатийлиги шундаки, егуликсиз бир йилгача яшай олиши мумкин экан. Олимларнинг айтишича, агар мазкур балиқ шундай мураккаб шароитга тушиб қолгудек бўлса, дарров танасидаги барча жараённи секинлаштира олади. Қолаверса, у биологик фаол аъзоларини тўхтатиб, уйқуга кетади. Баъзан унинг ухлаш муддати ҳатто 3-5 йилгача чўзилади. Мутахассислар ушбу балиқ турини ўрганиш орқали инсон организмининг оғир вазиятларга бардош бериш имкониятини ошириш бўйича янги ютуқларга эришишга умид қилишаяпти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn