«Ўзбекистон — жаҳоннинг барқарор ривожланаётган давлатларидан бири»
  • 21 Август 2015

«Ўзбекистон — жаҳоннинг барқарор ривожланаётган давлатларидан бири»

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида Ҳиндистоннинг таниқли ижтимоий-сиёсий ва илмий-академик доиралари вакиллари ҳам халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами муносабати билан ўз табрикларини йўллашмоқда. Уларда давлатимиз босиб ўтган мустақиллик йўли ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ўз ифодасини топган.

Шри ПРАКАШ, Ҳиндистондаги Жамия миллия исломия университетининг Халқаро тадқиқотлар -академияси директори, профессор:
— Суверен ривожланиш йиллари мобайнида Ўзбекистонда улкан ижобий ўзгаришлар юз берди. Мамлакатда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жабҳаларда, шунингдек, илм-фан, маданият, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда бошқа қатор соҳаларда катта муваффақиятларни қўлга киритди. Эришилган ана шу ютуқлар Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни изчил равишда ҳаётга татбиқ этишнинг натижаси, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистон бугунги кунда дунёнинг барқарор ривожланиб бораётган давлатлари қаторига киради. Бунга бир неча йиллар давомида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмаётгани ҳамда аҳоли яшаш даражаси ва сифатининг йилдан-йилга ошиб бораётганини яққол мисол сифатида келтириш мумкин.
Шу ўринда Ўзбекистонда ҳар янги йилни аниқ бир ижтимоий соҳага бағишлаш анъанага айланиб қолганини алоҳида таъкидлашни истар эдим. 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинди ва бу йўналишда тегишли Давлат дастури қабул қилинди. Йил бошидан буён мазкур Дастур доирасида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 1,5 триллион сўм ва 37,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлангани эътирофга лойиқ далил.
Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ҳам мақтовга сазовордир. -Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг замонавий билим ҳамда касбга эга бўлишлари, ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган.
Фурсатдан фойдаланиб,  ўзбекистонликларни мустақиллик байрами билан чин юракдан қутлайман, уларга тинчлик, чексиз бахту иқбол ва фаровонлик тилайман.


«Жаҳон» АА.
Деҳли

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn