Ишлаб чиқариш ҳажми ортди
  • 20 Август 2015

Ишлаб чиқариш ҳажми ортди

Жорий йилнинг январь — июль ойларида Хитой пойтахтида муқобил энергия ёрдамида ҳаракатланадиган 11 мингта автомобиль ишлаб чиқарилди. Пекин статистика бошқармасининг маълум қилишича, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 3,2 баробар кўп.

Натижада экомобиллар тайёрлашга ихтисослаштирилган корхоналарнинг ялпи даромади 55,6 фоиз ошган.
Умуман, биринчи ярим йилликда Хитойда муқобил энергияга мослаштирилган 98900 та машина ишлаб чиқарилиб, 2014 йилдагига қараганда 300 фоиз ўсишга эришилган.

Носозлик оқибати
Венесуэланинг Карабобо штатида йўловчиларни олиб кетаётган автобус ағанаб кетди.
Бахтсиз ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳаётдан кўз юмди, 29 нафар одам тан жароҳати олди. Штат фуқаро муҳофазаси кучлари вакилининг айтишича, жабрланганларнинг тўрт нафари болалар бўлиб, айни пайтда уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Дастлабки тахминларга кўра, фожиа йўловчи транспортидаги техник носозлик сабабли рўй берган.

Энг узоқ авиақатнов
Бирлашган Араб Амирликларининг “Emirates” авиакомпанияси 2016 йилнинг 1 февралидан бошлаб, Дубай — Панама йўналишида парвозларни йўлга қўяди.
Бу дунёдаги энг узоқ авиақатнов бўлади. Яъни йўловчилар мазкур йўналишда сафарга чиқишса, 17 соату 35 дақиқа парвоз қилишади. Авиакомпания мижозларга хизмат кўрсатишда “Boeing 777-200 LR” русумли ҳаво лайнерларидан фойдаланмоқчи.
Шунингдек, “Emirates” жорий йил охиригача Орландо (АҚШ), Бамако (Мали), Болонья (Италия) ва Машҳад (Эрон) шаҳарларига янги авиақатновлар очишни ҳам режалаштирган.

Балиқларга сунъий қоя
Индонезия ҳукумати мамлакат ҳудудига кирувчи денгизда ноқонуний ов билан шуғулланганлардан олиб қўйилган 34 та кемани чўктириб юборди.
Бу ҳақда “Jakarta Post” нашри хабар тарқатди. Ушбу сув транспорти воситалари Таиланд, Вьетнам, Филиппин ва малайзиялик браконьерларга тегишли бўлган.
Индонезия денгиз масалалари вазирлиги вакилининг таъкидлашича, чўктирилган кемалар балиқлар учун сунъий қоялар вазифасини ўтайди.

Қимматбаҳо коллекция
“Sotheby‘s” аукциони томонидан АҚШнинг Калифорния штати Пеббл-Бич шаҳрида ўтказилган кимошди савдосида дунёдаги энг қиммат автомобиллар тўплами сотилди.
Аукционда 22 та ноёб машина русуми 67 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Улардан айримларининг баҳоси, ҳатто, юзлаб автомобиллар нархига тенг. Масалан, 1964 йилда ишлаб чиқарилган “Ferrari 250 LM” русуми учун 17,6 миллион доллар тўланди. 1993 — 2005 йиллар оралиғида атиги беш дона тайёрланган “McLauren F1” русумли “темир тулпор”дан бири эса 13,75 миллион долларга сотилди.
Кимошдида харидор чиқмаган машиналар ҳам бўлди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn