Йирик буюртма
  • 19 Август 2015

Йирик буюртма

Ҳиндистоннинг “IndiGo” авиакомпанияси Европанинг “Airbus” самолётсозлик компаниясидан 250 та “A320neo” русумли ҳаво лайнери сотиб олиш юзасидан битим имзолади.

Шартноманинг умумий қиймати 26,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, бу сўнгги йилларда “Airbus” олган энг йирик буюртмадир. Ўзаро келишувга кўра, ишлаб чиқарувчи самолётларни 2018 — 2026 йиллар даврида етказиб беради.
Шу тариқа Ҳиндистонда ҳаво йўллари орқали йўловчи ташишдаги улуши қарийб 40 фоизга тенг бўлган “IndiGo”нинг “А320” русумидаги лайнерларга берган буюртмалари сони 530 тага етди. Ҳозир авиакомпания уларнинг 280 тасидан фойдаланаяпти.

Темир йўлга қулаб тушди
Жанубий Африка Республикасида темир йўл ҳодисаси содир бўлди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга қараганда, Квазулу-Наталь провинциясида кўприкдан ўтаётган микроавтобус темир йўлга қулаб тушган. Натижада уни поезд уриб юборган. Мазкур воқеа туфайли ўн тўрт киши ҳаётдан кўз юмди, олти нафар одам тан жароҳати олди. Улардан бирининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Жаримага тортилди
АҚШнинг “ExxonMobil” нефть корпорацияси ишлаб чиқариш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмагани туфайли 556 миллион доллар миқдорида жаримага тортилди.
“Биз компания меҳнатни муҳофаза қилишга қаратилган федерал талабларни бузаётганини аниқладик. Бу ҳолат ходимлар ҳаётини хавф остига қўймоқда”, дейилади Меҳнат ва саломатликни муҳофаза қилиш хизматининг Калифорния бўлими баёнотида.
Ўз навбатида, “ExxonMobil”нинг расмий вакили айни пайтда жаримага сабаб бўлган омиллар ўрганилаётгани, текширувдан сўнг компаниянинг истиқбол режаси қабул қилиниши мумкинлигини билдирди.

Автомобиллар қайтариб олинади
Германиянинг “Volkswagen” автоконцерни хавфсизлик ёстиқчаларида нуқсон аниқлангани туфайли 461 минг 300 дона автомобилини қайтариб олади.
Улар “Golf”, “Passat”, “Jetta” ва “Tiguan” русумидаги автоуловлар бўлиб, АҚШ ҳамда Канада бозорларида сотилган. Машиналар 2010 — 2014 йилларда ишлаб чиқарилган.
“Volkswagen” маъмурияти ушбу камчилик бирор бир кўнгилсизликка сабаб бўлмаганини маълум қилди. Ўз навбатида, рўйхатга киритилган автомобилларнинг эгалари мавжуд нуқсонни бартараф эттириш учун расмий дилерларга мурожаат қилишлари лозимлиги таъкидланган. Айни пайтда компания мазкур муаммо бошқа бозорларда сотилган автомобилларда ҳам бор ёки йўқлигини текшириб чиқаётир.

Осмондаги тўқнашув
АҚШнинг Сан-Диего округи осмонида иккита шахсий самолёт тўқнашиб кетди.
Бу ҳақда “KTLA” телеканали хабар тарқатди. Воқеадан сўнг ҳар икки ҳаво транспорти воситаси ерга қулаб тушган ва ёниб кетган. Натижада уч киши ҳаётдан кўз юмди. Маҳаллий ҳокимият қурбонлар сони яна ошиши мумкинлигини айтмоқда. 
Самолётлар нима сабабдан бир-бирига урилиб кетгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn