Улушини кўпайтирди
  • 14 Август 2015

Улушини кўпайтирди

“Pearson” нашриёт холдинги (Буюк Британия) дунёга машҳур “The Economist” ҳафталик журналининг 50 фоиз акциясини бошқа бир сармоядорга сотганлигини маълум қилди.

“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, уни 469 миллион фунт стерлинг эвазига италиялик Аньеллилар оиласи харид қилган. Аниқроғи, ушбу сулолага қарашли “Exor” компанияси холдингдаги ўз улушини 4,7 фоиздан 43,4 фоизга оширган.
Олдинроқ “Pearson”га тегишли “Financial Times” газетаси Япониянинг “Nikkei” медиакорпорациясига 844 миллион фунт стерлингга сотиб юборилган эди.

Омборхонадаги бахтсиз ҳодиса
Хитойнинг Тяньцзинь шаҳридаги “Ruihai Logistics” логистика компанияси омборхонасида портлашлар рўй берди.
Оқибатда 44 киши ҳаётдан кўз юмди, қарийб беш юз нафарга яқин одам тан жароҳати олди. Улардан ўн икки нафари воқеадан сўнг содир бўлган ёнғинни бартараф этишга жалб қилинган ўт ўчириш хизмати ходимлари эканлиги айтилмоқда. Бундан ташқари, 36 нафар ўт ўчирувчи бедарак йўқолган.
Кучли портлаш натижасида икки километр радиусда жойлашган биноларга ҳамда минглаб автомобилларга жиддий зарар етган.
Омборхона атрофига турли кимёвий бирикмаларнинг ҳиди тарқалган. Шу боис бинода тез ёнувчи маҳсулотлар сақлангани тахмин қилинаяпти. Портлаш нимадан келиб чиққани ҳақида маълумот йўқ.

Жаҳон бозорида талаб ортмоқда
Жорий йилда нефтга бўлган талаб сўнгги беш йил ичидаги кўрсаткичлар билан қиёслаганда энг юқори суръатда ўсмоқда.
Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) томонидан тайёрланган маърузада таъкидланган. Унга кўра, 2015 йилда углеводород хом ашёсининг кунлик эҳтиёжи 1,6 миллион баррель ортади ва 94,2 миллион баррелга етади. Бундай ижобий натижа ривожланган мамлакатларда “қора олтин”га бўлган талабнинг ошгани ҳамда маҳсулот харидорларга паст нархда таклиф этилаётгани билан боғлиқ.
ХЭА прогнозига қараганда, 2016 йилда углеводород хом ашёсига бўлган кунлик эҳтиёж яна 1,4 миллион баррелга кўпаяди.

Қуёш ёрдамида ҳаракатланади
Австралиянинг “EVX” компанияси қуёш батареялари орқали ҳаракатланувчи “The Immortus” русумли электр спорт автомобилини яратди.
Янги машинанинг узунлиги 5, эни 2, баландлиги 1,1 метрга тенг. Унинг салони икки кишига мўлжалланган. Бундан ташқари, автомобилда кичик ўлчамдаги юкхона ҳам мавжуд. “The Immortus” бир жуфт электр двигатели билан жиҳозланган. Уларнинг умумий қуввати 40 киловатт (54 от кучи)ни ташкил қилади. Автомобиль етти сонияда 100 километр тезликка чиқиш имкониятига эга. Энг юқори тезлик кўрсаткичи эса соатига 150 километр. У бир марта тўла қувват олиш ҳисобига 550 километр масофани босиб ўтади.

Янги хизмат тури
Жанубий Кореянинг “LG” компанияси ишлаб чиқараётган смартфонлари учун мусиқий хизмат тизимини жорий этишини маълум қилди.
“LG SmartWorld” дастури орқали ишлайдиган ушбу илова 70 мамлакатда амал қилади. Унда 24 бит/192кГц сифатидаги мусиқаларни фақат “G2”, “G3”, “G4” ва “G Flex 2” русумларидаги мобиль телефонлар орқали тинглаш мумкин.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Об-ҳаво ўзгармайди Йирик буюртма »