Об-ҳаво ўзгармайди
  • 13 Август 2015

Об-ҳаво ўзгармайди

Аргентинада бир неча кундан бери ёғаётган кучли ёмғир мураккаб вазиятни келтириб чиқарди. Хусусан, дарёлардаги сув сатҳининг тўрт метр кўтарилиши тошқинларга сабаб бўлди.

Бундай ҳолатдан, айниқса, Буэнос-Айрес провинцияси аҳолиси жиддий азият чекмоқда. Манбада айтилишича, ҳозиргача уч мингга яқин фуқаро ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Мактаблар, дўконлар фаолияти тўхтатилган. Биноларнинг ертўлалари, пастки қаватлари сувга тўлган.
Метеорологлар яқин кунлар ичида ёғингарчилик давом этишини билдиришди.

Сабаби аниқлаштирилмоқда
Хитой жануби-ғарбида жойлашган Гуйчжоу провинциясидаги кўмир конида портлаш рўй берди.
“Рейтер” ахборот агентлиги хабарига кўра, бахтсиз ҳодиса оқибатида ўн киши ҳаётдан кўз юмган. 56 нафар кончини эса қутқаришга муваффақ бўлинди. Улардан беш нафари турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди. Айни пайтда вайроналар остида қолиб кетган яна уч кишини қидириш ишлари давом этаяпти.
Воқеа сабаблари ўрганилмоқда.

1,5 миллион километрдан туширилган сурат
“NASA” космик агентлигининг интернетдаги сайтида Сатурн сайёраси ва унинг ҳалқаси туширилган ноёб сурат эълон қилинди.
У 1997 йилда фаолиятини бошлаган “Кассини” қурилмаси ёрдамида шу йилнинг 25 май куни тахминан 1,5 миллион километр узоқликдан олинган.
Олимлар мазкур янгилик Сатурнни янада кенгроқ ўрганиш имконини беришини таъкидлашаяпти.

Портда ушлаб қолинди
Испаниянинг Корсик портида машҳур рассом Пабло Пикассо томонидан чизилган асарни ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетишга уринган шахс ушланди.
“Ёш аёл сурати” деб номланган картинанинг қиймати 25 миллион еврога тенг. Уни исми ошкор этилмаган банк вакили турли йўллар билан қўлга киритган ва мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бу асар Испаниянинг миллий бойлиги ҳисобланади ва қироллик қонунлари бўйича уни бошқа давлатга олиб ўтиш тақиқланади.

Истеъмол меъёри қанча?
АҚШнинг Бостон университети олимлари балиқ истеъмол қилиш бўйича ўтказган тадқиқот натижаларини эълон қилдилар.
Бу ҳақда “Apotheken Umschau” журналида илмий мақола ҳам чоп этилди. Таъкидланишича, одам яхши кўриниши, тетик юриши ва аъло кайфиятда бўлиши учун ҳафтада бир марта балиқ истеъмол қилиши кифоя экан.
Аниқланишича, бир порция ҳажмдаги ушбу маҳсулот таркибида омега-3 кислотаси мавжуд бўлиб, у томир деворларини ҳимоялашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ёши катталар кўпроқ денгиз балиқларини тановул қилсалар, юрак-қон томир касалликларига малҳам бўларкан.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn