Ижобий кўрсаткичга эришмоқда
  • 08 Август 2015

Ижобий кўрсаткичга эришмоқда

Жорий йилнинг биринчи ярмида Европадаги йирик “HSBC” банкининг даромади солиқ тўловларисиз ҳисоблаганда 10 фоиз ошди. Аниқроғи, молия муассасаси ушбу даврда 13,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаб олган. Бундай ижобий ҳолат унинг Осиёда ишлари юришаётгани билан боғлиқ.

Чунки айни пайтда “HSBC” кўраётган умумий даромаднинг учдан икки қисми мазкур қитъа ҳиссасига тўғри келаяпти.
Банк, ўз навбатида, қониқарсиз фаолият юритаётган бўлимларини ёпишни ҳам давом эттираётир. Шундай чора-тадбирлар туфайли ҳозирги пайтга қадар қарийб 50 мингта иш ўрни қисқартирилди. Яқинда эса “HSBC” ўзининг Бразилиядаги филиалини 5,2 миллиард АҚШ долларига сотишини маълум қилди.

Даромади камайди
Тоғ-кон саноатида фаолият олиб борувчи “Rio Tinto Group” (Австралия/Буюк Британия) концерни шу йилнинг олти ойидаги фаолиятига оид ҳисоботини эълон қилди.
Маълум бўлишича, унинг даромади 2014 йилнинг мазкур давридагига нисбатан 43 фоиз камайган. “Евроньюс” телеканали хабарига кўра, бундай салбий натижа жаҳон бозорида темир рудасининг нархи тушиб кетгани билан боғлиқ. Масалан, ушбу хом ашё биринчи ярим йилликда сўнгги ўн йил ичидаги энг паст баҳода сотилган. Шунингдек, темир рудасига асосий харидор ҳисобланган Хитойда талаб камайгани ҳам концерн кўрсаткичларига сезиларли даражада таъсир қилган.
Лекин “Rio Tinto Group” Австралия ва Канадада жойлашган алюминий етказиб берувчи корхоналаридан даромад олишга эришган.

Харид ўзини оқлайдими?
Франциянинг “ПСЖ” футбол клуби аргентиналик ярим ҳимоячи Анхель Ди Марияни сотиб олганини расман эълон қилди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ўйинчи учун ҳозиргача трансферлар вақтида сарфланган барча маблағ қўшиб ҳисобланганда, у дунёдаги энг қиммат футболчига айланди.
Жумладан, 2007 йилда Ди Марияни Португалиянинг “Бенфика” клуби “Росарио Сентраль” (Аргентина) жамосидан 3 миллион евро эвазига ўз таркибига қўшиб олган эди. Кейин у Испаниянинг “Реал Мадрид” клубига 36 миллион еврога сотилган. Шундан сўнг “Қиролллик клуби” футболчини Англиянинг “Манчестер Юнайтед” жамоасига 75 миллион еврога пуллади. “ПСЖ” эса ярим ҳимоячини харид қилишга 63 миллион евро сарфлади. Шу тариқа Ди Мария учун кетган трансферлар суммаси 177 миллион еврога етди. Шунгача бу борадаги рекорд швециялик футболчи Златан Ибрагимович (172,8 миллион евро)га тегишли эди.

Энг узоқ галактика
Бир гуруҳ астрономлар Ердан энг узоқда жойлашган галактикани аниқлашди.
Бу ҳақда Гавайя оролидаги Кека обсерваторияси томонидан хабар қилинди. “EGSY8p7” дея номланган ушбу галактика сайёрамиздан 13 миллиард ёруғлик йилига тенг масофада жойлашган экан. Мутахассислар унинг ёшини аниқлашда замонавий “Mosfire” инфрақизил спектрометридан фойдаланишди. Айни пайтда мутахассислар самовий топилма ҳақида батафсил маълумот олиш учун кузатишларни давом эттиришаяпти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn