Фойда яхши, акциялар баҳоси эса...
  • 07 Август 2015

Фойда яхши, акциялар баҳоси эса...

Франциянинг “Credit Agricole” банки жорий йилнинг иккинчи чорагида 960 миллион евро миқдорида соф фойда олишга эришди. Бу кўрсаткич аввалроқ таҳлилчилар қилган прогноздан сезиларли даражада кўп.

Яъни экспертлар мазкур даврда молия муассасаси 901 миллион евро ҳажмида фойда кўришини билдиришган эди.
Қизиқ жиҳати, “Credit Agricole”нинг даромади ошганига қарамай, шу ҳафтанинг сешанба куни унинг акциялари баҳоси қарийб 10 фоиз пасайган. Бунга молия муассасаси ўз фаолиятини қайта ташкил этиш мақсадида Европа Марказий банки билан олиб борилаётган музокараларда якдилликка эриша олмаётгани сабаб бўлган.


Темир йўлдаги ҳодиса
Ҳиндистонда йирик темир йўл ҳодисаси содир бўлди.
“NDTV” телеканали хабарига қараганда, мамлакатнинг Мадхья-Прадеш штатида дастлаб Мумбай — Варанаси, кейин эса Жалбалпер — Мумбай йўналишларида ҳаракатланаётган поездларнинг вагонлари кўприкдан ўтаётган вақтда дарёга қулаган. Оқибатда 24 киши ҳаётдан кўз юмган. Қарийб 40 киши тан жароҳати олган. Қутқарувчилар 300 нафардан ортиқ йўловчининг ҳаётини сақлаб қолишган.
Мамлакат темир йўл компанияси вакилининг айтишича, кучли ёмғир туфайли пўлат изларга зарар етган. Бахтсиз ҳодисага айни шу ҳолат сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Товушдан ҳам тез
АҚШнинг патент ва савдо белгилари бюроси “Airbus” компанияси муҳандислари Марко Прамполини ва Йоана Корабеф томонидан яратилган, товушдан ҳам тез ҳаракатлана оладиган самолёт лойиҳасини маъқуллади.
Ушбу лайнер ақлбовар қилмас даражадаги имкониятларга эга. Масалан, у товушдан 4,5 баробар тезроқ учади. Тасаввур ҳосил қилиш учун айтиш лозимки, бу орқали замонавий самолёт Лондондан Нью-Йорккача бўлган масофани бир соатда босиб ўтиши мумкин. Ҳозир амалда фойдаланилаётган “Airbus A330” русумли лайнерлар эса мазкур йўналишга саккиз соат вақт сарфлайди. Ёки янги самолёт билан Париждан Сан-Францискога, Токиодан эса Лос-Анжелесга уч соатда етиб бориш мумкин. Самолётнинг йўловчи сиғими 20 кишига тенг.

Фаолиятини ривожлантириш учун инвестиция
Мобиль бизнесини сотиб, асосий эътиборини рация ва радио тизимлари ишлаб чиқаришга қаратган “Motorola Solutions Inc” компанияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Silver Lake” жамғармаси бир миллиард доллар миқдорида сармоя ажратди.
Бу ҳақда “New York Times” нашри хабар тарқатди. Йўналтирилаётган инвестиция “Motorola Solutions Inc”га қутқариш ва полиция хизматлари учун рациялар тайёрлаб сотиш учунгина эмас, балки фавқулодда вазиятларда ҳар томонлама қулай ҳамда кўп функцияли коммуникация воситалари ишлаб чиқаришни ривожлантиришни ҳам кўзда тутади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn