Бўлимини сотмоқчи
  • 04 Август 2015

Бўлимини сотмоқчи

Дунёдаги йирик банклардан бири “HSBC” Бразилиядаги бўлимини 5,2 миллиард АҚШ долларига сотишини маълум қилди. “Bloomberg” агентлигининг ёзишича, ҳозир маҳаллий “Banco Bradesco” мазкур молия муассасасига даъвогарлик қилаяпти.

“HSBC” шартларига кўра, юқорида кўрсатилган сумма тўлиқ пул шаклида ҳисоб рақамга ўтказиб берилиши керак. Шунингдек, у Бразилиядаги йирик корпоратив мижозларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини ҳам ўзида сақлаб қолмоқчи.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, молия муассасасининг даромади  жорий йилнинг олти ойида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 10 фоиз ошган. Натижада у 13,6 миллион доллар ишлаб олган.

«Тилсиз ёв» келтирган талафот
АҚШнинг Калифорния штатида давом этаётган кучли ўрмон ёнғинлари оқибатида 20 киши ҳаётдан кўз юмган.
Бу ҳақда “CNN” телеканали хабар тарқатди. Бундан ташқари, тобора қамрови кенгайиб бораётган “тилсиз ёв” туфайли қарийб 12 минг нафар аҳоли эвакуация қилинди. Ҳозир ёнғинга қарши курашга 9,3 минг нафар ўт ўчириш хизмати вакили жалб этилган. Аммо ўта қуруқ об-ҳаво шароити туфайли уни бартараф этиш қийин кечмоқда.

Фаолиятини кенгайтиради
“Uber Technologies” компанияси яқин тўққиз ой ичида Ҳиндистонда ўз фаолиятини янада кенгайтириш учун бир миллиард
АҚШ доллари миқдорида сармоя киритади.
Маълумки, ушбу муассаса махсус интернет дастури орқали йўналишсиз такси хизматини кўрсатади. Унинг машиналари Ҳиндистоннинг 18 та шаҳрида кунига ўртача 200 мингта рейсни амалга оширмоқда. Компания бу кўрсаткични бир миллионтага етказишни мўлжаллаяпти.
Умуман, “Uber Technologies” ҳозир дунёнинг 57 та мамлакатида ўз хизматини йўлга қўйган.

Темир йўлдаги ҳодиса
Франциянинг Бретань вилоятида темир йўл ҳодисаси содир бўлди.
Бу ерда Ле-Ман ва Ренн шаҳарлари ўртасида рейсни амалга ошираётган тезюрар поезд трактор билан тўқнашиб кетган. Бунинг оқибатида тракторчи ва машинист тан жароҳати олган. Поезд эса темир издан чиқиб кетган. Кўнгилсиз воқеа юз берган пайтда унда 450 нафар йўловчи бор эди.
Бу сўнгги кунларда Францияда юз берган иккинчи темир йўл ҳодисасидир. Олдинроқ “Марсель — Мадрид” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган тезюрар поезднинг локомотиви ёниб кетиши туфайли 250 нафар йўловчини эвакуация қилишга тўғри келганди.

Симсиз қувват мосламаси
Жанубий Кореянинг “Samsung” компанияси мобиль алоқа воситаларини симсиз қувватлантириш имконини берувчи “SЕ370” мониторини ишлаб чиқди.
У мазкур функцияни бажарадиган дунёдаги биринчи монитор ҳисобланади. 23,6 ва 27 дюймли ушбу инновация “Qi” стандартида симсиз қувватланадиган барча мобиль қурилмасига мосланган. Бунинг учун телефонни монитордаги заряд майдончасига жойлаштириш талаб этилади. Шунда қувватланиш жараёни автоматик тарзда бошланади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn