Иқтисодиётда ижобий кўрсаткич
  • 01 Август 2015

Иқтисодиётда ижобий кўрсаткич

Жорий йилнинг биринчи ярмида Хитой иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 68,41 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Бу ҳақда мамлакат тижорат вазирлиги томонидан тайёрланган ҳисоботда маълум қилинди. Унга кўра, мазкур кўрсаткич 2014 йилнинг шу давридагига қараганда, 8,3 фоиз кўпдир. Бинобарин, аввалги ойда мамлакат иқтисодиётига киритилган хорижий капитал оқими ўтган йилнинг июнь ойидагига нисбатан 0,7 фоиз ўсган.

Янглиш таҳлил
Япониянинг ўйин қурилмалари ишлаб чиқарувчи “Nintendo” компанияси жорий молиявий йилнинг биринчи чорагини ижобий кўрсаткич билан якунлади.
Яъни корхона бу даврда 1,1 миллиард иена (9,3 миллион АҚШ доллари) миқдорида даромад кўрган. Эътиборлиси, “Thomson Reuters” томонидан ўтказилган сўровда таҳлилчилар компания биринчи чоракда 6,3 миллиард иена миқдорида зарар кўришини башорат қилишган эди.

Сабаби ўрганилмоқда
АҚШнинг Милуоки шаҳри (Висконсин штати)даги аэропортда унчалик катта бўлмаган самолёт ҳалокатга учраши оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди.
Дастлабки маълумотларга кўра, кичик лайнер қўниш вақтида ерга зарб билан урилган. Кейин эса унда ёнғин келиб чиққан. Фожиа сабаби ўрганилмоқда.

БМТ прогнози
2022 йилга бориб Ҳиндистон давлати аҳолиси сони бўйича Хитойдан ўзиб кетади. Натижада у дунёдаги нуфуси энг кўп мамлакатга айланади.
Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳоли сонини ўрганиш бўлими томонидан тайёрланган ҳисоботда келтирилди. Унга кўра, ҳозир Хитой аҳли 1,38 миллиардга тенг бўлса, бу кўрсаткич 2030 йилга қадар деярли ўзгармайди. Ҳиндистонда эса мазкур миқдор 1,31 миллиарддан 2022 йилга келиб 1,4 миллиард нафарга етади.

Саксон йилдан сўнг содир бўлди
Австралиянинг шимоли-шарқий соҳилларида кучланиши 5,3 баллга тенг зилзила содир бўлди.
Мамлакат миллий геология хизмати томонидан маълум қилинишича, бундай кучли ер силкиниши ҳудудда охирги саксон йил ичида кузатилмаган экан. Икки дақиқа давом этган табиий офат маркази Квинсленд штати қирғоқларидан 100 километр узоқда, 30 километр чуқурликда қайд этилган. Ер силкиниши келтирган талафотлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Фойдасини кўпайтирди Бўлимини сотмоқчи »