Даромади ошиши кутилмоқда
  • 28 Июль 2015

Даромади ошиши кутилмоқда

Буюк Британиянинг “EasyJet” авиакомпанияси йиллик даромади 14 фоизгача ошиши кутилаётганини маълум қилди. Изоҳланишича, ёз мавсумида унинг хизматидан фойдаланувчилар сони сезиларли даражада ортган.

Масалан, Шимолий Европа давлатлари, шунингдек, Буюк Британияда мазкур компания мижозлари бир неча баробар кўпайган. Шу боис авиакомпания “темир қанот”лари Испаниянинг курорт ҳудудлар ҳисобланган Малага, Аликанте ҳамда Португалиянинг Фару каби шаҳарларига мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

Хавфсизлик тизимидаги нуқсон
“Fiat-Chrysler” автомобилсозлик компанияси АҚШда сотилган 1,4 миллион дона машинасини қайтариб олади.
Бунга уларнинг хавфсизлик тизимида муаммолар борлиги сабаб бўлди. Гап шундаки, ушбу нуқсон хакерларга мазкур автомобилларни масофадан туриб бошқариш имконини берган. Масалан, бир неча кун олдин икки нафар машҳур дастурчи компьютер орқали машиналардан бирининг хавфсизлик тизимини бузиб кириб, уларнинг двигателларини ўчириб-ёқиш, тормоз тизимини тўхтатиб қўйиш каби вазифаларни бажарган.

Соҳилда зилзила
Аляска соҳилларида кучланиши 6,9 баллга тенг зилзила юз берди.
Бу ҳақда АҚШ геология хизмати хабар тарқатди. Ер силкиниши маркази Никольский аҳоли яшаш пунктидан 103 километр жануби-ғарбда, ўн километр чуқурликда қайд этилган. Жабрланганлар ва вайроналар ҳақида маълумот йўқ.

Сабаби номаълум
Перуда йирик йўл ҳаракати ҳодисаси содир бўлди.
Яъни сайёҳларни олиб кетаётган автобус кўприкдан тушиб кетган. Оқибатда камида 15 киши тан жароҳати олиб, жабрланганлар касалхонага ётқизилган. Шифокорлар улардан айримларининг аҳволи оғирлигини маълум қилган.
Манбада фожианинг аниқ сабаби айтилгани йўқ. Тахминларга кўра, ҳайдовчи хавфли бурилишда бошқарувни йўқотгани туфайли мазкур кўнгилсиз ҳодиса юз берган.
Воқеа юзасидан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари текшириш олиб бораяпти.

Муносиб таклиф
Япониянинг “Nikkei” медиа-гуруҳи “Financial Times” (Буюк Британия) газетасини “Pearson” нашриётидан 844 миллион фунт стерлингга сотиб олди.
Ушбу нашрга эгалик қилиш учун Германиянинг “Axel Springer” медиаконцерни, шунингдек, Европа ва Осиёдан бошқа инвесторлар ҳам даъвогар бўлганди. Аммо япониялик ишбилармонлар таклифи “Pearson” маъмурияти учун ҳар томонлама маъқул келган. Ўзаро келишувга кўра, газетага тегишли “Economist” журналининг 50 фоиз акцияси ушбу битимга кирмайди.
“Financial Times” 1888 йилдан бери чоп этилади. Ҳозир уни икки миллиондан кўпроқ муштарий ўқиб боради.

Самолёт қулаб тушди
АҚШнинг Висконсин штатида енгил моторли самолёт ҳалокатга учради.
Маҳаллий полиция маълумотига кўра, у “Zodiac CH601” русумида бўлиб, Кеноша округида қулаб тушган. Оқибатда учувчи ва бортидаги йўловчи ҳаётдан кўз юмган.
Фожиага нима сабаб бўлгани аниқ эмас. АҚШ федерал авиация бошқармаси мазкур иш юзасидан текшириш бошлаган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn