Тахмин қилинганидан кўра кўпроқ
  • 25 Июль 2015

Тахмин қилинганидан кўра кўпроқ

Жорий йилнинг иккинчи чорагида “Daimler” концерни (Германия)нинг даромади 54 фоиз ошди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Натижада автомобилсозлик корхонаси 3,8 миллиард евро миқдорида маблағ ишлаб олган. Бу экспертлар тахминидан кўпроқ. Негаки, таҳлилчилар “Daimler” бу даврда 3,31 миллиард евро даромад кўришини башорат қилишганди.
Ушбу ижобий натижага “C” ҳамда янги ишлаб чиқарилган “Maybach S” туркумларидаги машиналарнинг савдоси юришиши орқали эришилган.

Тўрт йилдаги энг яхши кўрсаткич
Якунланган чоракда Испанияда ишсизлик даражаси аввалги уч ойдаги 23,78 фоиздан 22,37 фоизга пасайди.
Мамлакат статистика миллий агентлиги томонидан маълум қилинишича, бу сўнгги тўрт йилда бандлик масаласида қайд этилган энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Мазкур ижобий натижага қарамай, ягона валюта бирлиги амалда бўлган мамлакатлар орасида Испанияда ишсизлик ҳамон жуда юқори бўлиб турибди. Ушбу давлат бу борада фақат Грециядан олдинда холос.

Юқори ҳарорат оқибатлари
Японияда сўнгги бир ҳафта ичида иссиқ уришидан олти минг нафардан ортиқ фуқаронинг соғлиғида муаммолар кузатилган. Улардан 14 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Мамлакат ўт ўчириш бошқармаси хабарига қараганда, бу даврда жами 6165 киши иссиқ уриши туфайли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Айтиш жоизки, ушбу кўрсаткич бир ҳафта олдингидан икки баробар кўпдир.
Айни кунларда бу ерда ҳаво ҳарорати ўртача 37 даража иссиқ бўлиб, меъёрий даражадан бир оз юқорилигича қолмоқда.

Зилзила содир бўлди
Ҳиндистон шарқидаги Ассам штатида зилзила рўй берди. Кучланиши 5,6 баллни ташкил этган ер силкинишининг маркази Кокражҳар шаҳри яқинида 10 километр чуқурликда қайд этилган. Қурбонлар ва жабрланганлар, шунингдек, табиий офат келтирган талафотлар ҳақида маълумот йўқ.
Шуни таъкидлаш керакки, жорий йил май ойида Непалда содир бўлган кучли зилзиланинг таъсири Ҳиндистонда ҳам сезилганди. Ўшанда Биҳар штатида уйларга жиддий зарар етиб, 10 киши ҳаётдан кўз юмган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn