Фаолиятида салбий ҳолат
  • 23 Июль 2015

Фаолиятида салбий ҳолат

АҚШнинг “IBM” компанияси кетма-кет ўн уч чоракни салбий натижа билан якунлади, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Хусусан, жорий йилнинг апрель — июнь ойларида корхона даромади 20,81 миллиард ўтган йилнинг шу давридагидан эса 24,05 миллиард долларга тушиб кетди.
Мазкур кўрсаткич экспертларнинг башоратидан бир оз яхшироқ. Чунки улар “IBM”нинг даромади 20,95 миллиард долларга қисқаришини тахмин қилишганди.

Қоя қулаб тушди
Индонезиянинг Ява оролида қоя қулаб тушиши оқибатида камида уч нафар сайёҳ ҳаётдан кўз юмиб, 12 нафари тан жароҳати олди.
Мамлакат табиий офатларни бартараф этиш миллий бошқармаси вакилининг айтишича, мазкур кўнгилсиз воқеа туристлар 105 метр баландликдаги шаршарада чўмилаётган пайтда юз берган. Ҳозирча уларнинг қайси давлатлар фуқаролари эканлиги номаълум.  Жабрланганларнинг барчаси шифохонага жойлаштирилган. Улардан етти нафарининг жароҳати жиддийлиги айтилмоқда.


Ёмғир келтирган ташвиш
Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ёғаётган кучли ёмғир туфайли одатий ҳаёт тарзи издан чиқди.
Хусусан, бу ерда транспорт ҳаракати тўхтаб қолди. Натижада автобуслар ва шаҳарлараро йўналишдаги поездлар қатнови бекор қилинган. Электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Маъмурият бир қатор мактаблар ҳамда муассасаларни вақтинча ёпиб қўйди.
Синоптиклар Мумбайда бир кеча-кундузда 60 миллиметр ёғингарчилик тушганини билдирди. Аммо бу миқдор ортиши мумкин. Чунки яна икки-уч кун шаҳарда худди шундай об-ҳаво шароити кузатилиши тахмин қилинаяпти.


Инновацион технологияга харидор
Германиянинг “Audi”, “BMW” ва “Daimler” автоконцернлар гуруҳи “Nokia Here” картография сервисини сотиб олиш борасидаги музокараларни ижобий якунлаши мумкин.
“The Wall Street Journal” нашрининг ёзишича, харидорлар мазкур шартнома учун 2,5 миллиард евродан воз кечишга тайёр. Унинг қандай ечим топиши яқин кунлар ичида аниқ бўлади. Агар ушбу битим амалга ошса, автоконцернлар гуруҳи тизимни ривожлантириш учун “Fiat Chrysler”, “Renault”, “Peugot”, “Ford Motor”, “Toyota Motor” ва “General Motors” каби ишлаб чиқарувчиларни жалб этиши мумкин. Чунки “BMW”, “Audi” ва “Mercedes-Benz” дунё автомобилсозлари учун ҳар доим намуна бўлиб келган. “Nokia Here” — инновацион технология бўлиб, бориладиган манзилга тез, хавфсиз, тирбандликлардан холи етиб олиш йўналишини тузиб берадиган дастур ҳисобланади.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn