Иқтисодиётда ўсиш
  • 22 Июль 2015

Иқтисодиётда ўсиш

Жорий йилнинг иккинчи чорагида Германия иқтисодиёти 0,3 фоиз ўсган. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлиги хабар тарқатди. Мазкур кўрсаткич 2015 йилда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш борасида кузатилган илк ижобий натижа ҳисобланади.

Негаки, дастлабки уч ойда Германияда тайёрланаётган маҳсулотларга ташқи бозорда талаб сусайгани боис иқтисодиётда 0,3 фоиз пасайиш қайд этилган эди.

Маҳсулотлари савдоси оммалашмоқда
Хитойнинг телекоммуникация жиҳозлари ишлаб чиқарувчи “Huawei” компанияси жорий йилнинг биринчи ярмида ўз даромадини
30 фоиз оширишга муваффақ бўлди. Натижада корхона бу даврда 28,3 миллиард евро миқдорида маблағ ишлаб олди.
Компания маъмурияти томонидан изоҳланишича, мазкур ижобий ҳолат ҳозирги кунга келиб нафақат телекоммуникация жиҳозлари, балки смартфонлар бозорида ҳам “Huawei”нинг мавқеи тобора мустаҳкамланиб бораётгани билан боғлиқдир. Масалан, биринчи чоракда у энг кўп смартфон сотган корхоналар рўйхатида тўртинчи ўринни банд этди.

Номаълум митти балиқ
Кариб денгизида олиб борилган тадқиқотлар чоғида илгари фанда маълум бўлмаган балиқ турига дуч келинди.
Эътиборлиси, 70-80 метр чуқурликда яшайдиган ушбу сув жониворининг узунлиги 33 миллиметрдан ошмайди. Танаси эса оқ, сариқ ва тўқ сариқ ранглардан иборат. Митти балиқчалар сув остида тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган “Curasub” аппарати ёрдамида аниқлангани туфайли “Coryphopterus curasub” дея номланди.
Мутахассислар Кариб денгизи ҳайвонот олами жуда бойлигини эътироф этиб, бу ерда ҳали фанга маълум бўлмаган кўплаб жониворларни аниқлашга умид қилишмоқда.

Тиш қачондан буён даволанади?
Бундан ўн тўрт минг йил илгари яшаган одамлар тишни даволаш, уни кариесдан ҳимоя қилиш усулларини билишган.
Яқинда АҚШлик бир гуруҳ олимлар ана шундай хулосага келишди. Улар ўтказган тадқиқот билан “Scientific Reports” журналида батафсил танишиш мумкин. Манбага кўра, 1988 йилда археологлар 14 минг йил илгари яшаган одамнинг суяклари қолдиғини топишган. У чуқур ўрганилганда, айрим тишлар кариесга учраган бўлиб, зарарланган тўқималар олиб ташлангани аниқланган. Мутахассислар айни шу далил туфайли одамлар ўша пайтларда ҳам кариеснинг тиш учун зарарли эканлигини билган ҳамда уни бартараф этиш йўлларини излаган, деган хулосага келишди.

Хасталик аломати
Бир гуруҳ психологлар селфи жараёни (одамнинг ўзини ўзи суратга олиши) билан боғлиқ тадқиқот ўтказдилар.
Аниқланишича, бир кунда ўзини олти мартадан кўп расмга оладиган инсоннинг руҳий ҳолатини яхши, деб бўлмайди. Бундайларга мутахассисларга мурожаат қилиб, асабларини даволатиш тавсия этилган. Қолаверса, кейинги пайтларда хавфли жойларда ўзини ўзи суратга олишга уринишлар туфайли фожиали ҳолатлар кўпайиб бораётгани ҳам мутахассисларни ташвишлантирмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn