Ходимлар сони қисқартирилади
  • 21 Июль 2015

Ходимлар сони қисқартирилади

 

 

 

Буюк Британиянинг “Barclays” банки яқин икки йил ичида 30 минг нафар ходими билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилади. “The Times” нашрининг ёзишича, ушбу қисқартириш 2017 йилга қадар харажатларни камайтириш дастури доирасида амалга оширилади.

Режага кўра, молия муассасаси ходимлар сонини 100 минг киши даражасида сақлаб қолади. Банк маъмурияти шу йўл билан қимматли қоғозлар бозорида акциялари нархини икки баробар оширишга умид қилмоқда.

Ёмғир келтирган талафот
АҚШнинг Калифорния штати жанубидаги Лос-Анжелес ва Финикс шаҳарларини боғлаб турувчи кўприк қулаб тушди.
Оқибатда юк машинаси унинг остида қолиб кетган. Фавқулодда вазиятлар ходимлари саъй-ҳаракати билан транспорт воситаси бошқарувчиси қутқариб қолинди.
Манбага кўра, кўприкнинг қулашига Калифорния штатининг жанубий туманларида ёққан кучли ёмғир сабаб бўлган. Ушбу кўнгилсиз воқеа туфайли Калифорния ҳамда Аризона штатлари ўртасида қатнов вақтинча тўхтаб қолди.

Автомобиль савдосидаги ижобий кўрсаткич
Жорий йилнинг июнь ойида Европа автомобиль бозорида янги машиналар савдоси аввалги ойдагига қараганда 14,6 фоиз ўсди.
Хусусан, бу даврда жами 1,41 миллион дона янги машина сотилган. Европа автомобиль ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси томонидан маълум қилинишича, ўтган ойда машиналар савдоси бўйича Испания яққол етакчи бўлди. Яъни мазкур мамлакатда автомобиллар савдоси 23,5 фоиз ўсган. Ундан кейинги поғоналарни Франция 15, Германия ва Буюк Британия бир хил — 12,9 фоиз билан банд этди.
Энг кўп маҳсулот сотган ишлаб чиқарувчилар рўйхатидан эса “Volkswagen”, “Audi”, “Skoda”, “Porsche”, “PSA Group”, “Renault”, “Ford”, “Opel Group”, “FCA Group”, “BMW Group” ва “Daimler” каби корхоналар жой олди.

Вулқон яна «уйғонди»
Индонезия шарқида Гамалама вулқони яна фаоллаша бошлагани боис 1,5 минг киши эвакуация қилинди.
Мамлакат табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш миллий бошқармаси вакилининг айтишича, бу кўрсаткичлар ортиши мумкин.
Чунки ҳозир ундан чиқаётган кулли тутун 1,5 минг метр баландликка етмоқда ва фаоллиги кундан-кун кучайиб бораяпти. Бундан ташқари, аввалроқ отила бошлаган Синабунг ва Раунг вулқонларида ҳам ана шундай ҳолат сақланиб турибди.
Ҳозир Индонезияда фаол вулқонлар сони 130 тани ташкил этади. Уларнинг “уйғониши” кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Эвакуация тадбирлари ҳамда мамлакатда ҳаво алоқасининг вақтинча узилиб қолиши каби ҳолатлар ана шулар жумласидандир.

Электрон SIM-карталар
“Apple” (АҚШ) ва “Samsung” (Жанубий Корея) компаниялари ўз смартфонларини операторларни ўзгартириш имконини берувчи электрон SIM-карталар билан жиҳозлашни режалаштирмоқда.
Бунга мувофиқ, мазкур инновация махсус дастурлар орқали бошқарилади. Яъни фойдаланувчи ўз қурилмасидаги созлама орқали бу ишни амалга ошира олади.
Маълумки, ҳозир абонентларга тавсия этилаётган оддий SIM-карталарда бундай қулайлик йўқ. Шу боис бир неча оператор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида-алоҳида SIM-карталарни сотиб олишга тўғри келади.
Электрон SIM-карталар билан “Apple” ва “Samsung” қурилмалари 2016 йилдан жиҳозланиши кутилмоқда.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Активларидан воз кечди Иқтисодиётда ўсиш »