Активларидан воз кечди
  • 17 Июль 2015

Активларидан воз кечди

Австралиянинг қазилма хом ашёларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган дунёдаги энг йирик “BHP Billiton” компанияси ўзининг АҚШдаги икки миллиард долларга тенг қийматдаги активларини ҳисобдан чиқаришини эълон қилди.

Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар тарқатди. Компания олдин ҳам худди шундай йўл тутганди. Масалан, 2012 йилда “BHP” газ нархининг тушиб кетиши туфайли АҚШдаги 3,3 миллиард долларлик активларини ҳисобдан чиқарган эди. Жорий йилнинг январида эса нефть қиймати пасайиши боис углеводород хом ашёси қазиб олиш ҳажми камайтирилди.

Кутилмаган ҳолат
Буюк Британияда кутилмаганда ишсизлик даражаси ошди. Ваҳолонки, мамлакатда маошлар, турли устама тўловлар мунтазам равишда кўтарилиб, вақтида тўлаб келинаётган эди. Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, шу йилнинг март — май ойларида меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5,6 фоизи ишсиз ўтирган. Иқтисодчилар аввалроқ Бирлашган Қироллик ҳудудида юқори суръатда янги иш ўринлари яратилиши жараёни узоқ давом этмаслигини айтишган эди.

Энг юпқа смартфон
Жанубий Кореянинг “Samsung” корпорацияси Хитойда ўзининг энг юпқа смартфонини омма эътиборига ҳавола қилди.
“Galaxy A8” дея номланган ушбу қурилманинг қалинлиги 5,9 миллиметрга тенг бўлиб, унга 5,7 дюймли 1080 “OLED” дисплейи ўрнатилган. Смартфонга 16 мегапикселли асосий ва 5 мегапикселли олд камералар, саккиз ядроли “Sharpdragon 615” процессори ўрнатилган. Унинг оғирлиги эса 151 граммни ташкил этади.
Компания мутасаддиларининг маълум қилишича, мазкур мобиль қурилма ҳозирча фақат Хитой бозорида сотилади.

Учувчининг хатоси
Ирландиянинг Лонгфорд графлигида енгил моторли “Robinson-44” русумли шахсий вертолёт ҳалокатга учради.
Дастлабки тахминга кўра, кўнгилсизлик учувчининг хатоси туфайли юз берган. Яъни у парвоз чоғида эътиборсизликка йўл қўйиб, симёғочга тўқнашиб кетган. Оқибатда бортда бўлган учувчи ва йўловчи тан жароҳати олган. Воқеа юзасидан текширув ишлари ўтказилмоқда.

Ноёб топилма
Археологлар Япониянинг Нагасаки префектураси ҳудудидан улкан динозаврлар тишлари қолдиқларини топишди.
Мутахассислар сўзларига қараганда, топилма тираннозаврларга тегишли бўлиб, унинг ёши тахминан 81 миллион йилга тенг. Тишларнинг энг каттаси ҳажми энига 38, узунлиги эса 82 миллиметрни ташкил қилади. Улар йиртқичнинг пастки жағларига оидлиги айтилмоқда. Топилма Нагасакидаги илмий музейда намойиш этилади. Олдин ҳам Япония ҳудудидан бундай улкан жониворлар тишлари топилган эди. Аммо уларнинг ёши бу галгисидан анча кичик бўлган.
Тарихий манбаларга кўра, бундай улкан жониворлар Бўр даврининг иккинчи ярми охирларида, асосан, Осиё ва Шимолий Америка ҳудудларида яшаган.

Рейтингдаги ўрни ўзгармади
Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоаси дунёдаги энг қиммат спорт клуби, деган эътирофни яна сақлаб қолди. Жамоа, уч йилдирки, жаҳонга машҳур “Forbes” журнали томонидан ўтказиладиган рейтингда пешқадамликни бермай келаяпти. Бу сафар клубнинг қиймати 3,26 миллиард АҚШ долларига тенг, дея баҳоланган.
Кейинги поғоналарни “Нью-Йорк Янкис” бейсбол клуби ва Америка миллий футбол лигасининг “Даллас Кавбойс” жамоалари банд этди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn