Эҳтиёж кучаяди
  • 15 Июль 2015

Эҳтиёж кучаяди

Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) келгуси йилда углеводород хом ашёсига талаб ортиши кутилаётганини маълум қилди. Экспертлар сўзларига кўра, 2016 йилда Хитойда ушбу маҳсулотга эҳтиёж кўпайиши ва АҚШда “қора олтин” қазиб олиш ҳажми пасайиши ижобий кўрсаткичларга сабаб бўлиши мумкин.

Натижада нефть қазиб олиш бир кеча-кундузда 100 минг баррелга ортиб, 93,94 миллион баррелгача етади.
Худди шундай тахминлар Халқаро энергетика агентлиги томонидан ҳам илгари сурилди. Ушбу ташкилот “қора олтин”га кунлик талаб 1,2 миллион баррелга ўсишини башорат қилмоқда.

Корхонада ёнғин
АҚШнинг Миссури штатидаги “Santie Oil” фирмаси газ сақлаш омборхонасида кучли ёнғин содир бўлди.
Оқибатда корхонага қарашли қатор объектларга жиддий зарар етди. Жумладан, катта ҳажмда суюлтирилган пропан гази сақлаш сиғимларининг бир нечтаси портлаб кетди.
Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида корхона яқинида яшовчи аҳоли эвакуация қилинган. Жабрланганлар ва қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ. Ёнғин нимадан келиб чиққани ҳам аниқ эмас.

Иккинчи уриниш
Германиянинг турли башоратлар тузиш билан шуғулланувчи “ProSiebenSat 1” корпорацияси маҳаллий “Axel Springer” нашриёти билан бирлашиш борасида музокаралар олиб бораётир. Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар тарқатди.
Айтиб ўтиш жоизки, бундан ўн йил олдин “Axel Springer” “ProSiebenSat 1”ни сотиб олишга уриниб кўрган эди. Аммо ўшанда у мамлакат монополияга қарши кураш ташкилотларидан рухсат ололмаган. Бу сафар музокаралар ижобий якун топса, Германия медиабозорида қиймати 14,4 миллиард еврога тенг йирик компания пайдо бўлади.

Табиий офат оқибати
Япония жанубидаги Кюсю оролида 5,7 баллга тенг кучланишдаги зилзила содир бўлди.
Оқибатда камида уч киши жиддий тан жароҳати олган. Табиий офат чоғида юз берган кўчкилар туфайли маҳаллий трассада ҳаракат тўхтаб қолган. Мазкур ҳудудда жойлашган “Иката” атом станциясига зарар етмагани айтилмоқда.
Цунами келиб чиқиши хавфи ҳам қайд этилмаган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn