Катта миқдорда жарима тўлайди
  • 08 Июль 2015

Катта миқдорда жарима тўлайди

Буюк Британиянинг “Вritish Petroleum”  компанияси Мексика бўғозида нефть тўкилиши ҳолати бўйича яқин 18 йил ичида 18,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди.

— Биз беш йил аввал бўғознинг экологиясини тиклаш мажбуриятини ўз зиммамизга олган эдик, — дейди корхона раҳбари Карл-Хенрик Сванберг. — Ҳозир ўша ваъдамизнинг устидан чиқиш учун иш олиб бораяпмиз.
Ушбу хабар тарқалиши билан “Вritish Petroleum” акциялари баҳоси Лондон биржасида 4 фоиз қимматлашган.
Маълумот сифатида айтиб ўтамиз, 2010 йилда Мексика бўғозидаги мазкур компаниянинг “Deepwater Horizon” платформасида портлаш юз бериши оқибатида 4,9 миллион баррель нефть сувга тўкилиб кетган эди.

Харид учун даъвогар
АҚШнинг “Microsoft” корпорацияси микропроцессорлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий “AMD” компаниясини сотиб олиши мумкин, дейилади “Windows Central” нашри тарқатган хабарда.
Манбага кўра, мазкур харид амалга ошиши билан “Xbox One” ўйин приставкалари учун процессорлар тайёрлаш бевосита “Microsoft”га тегишли бўлади ҳамда бу орқали у йилига бир миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўради.
Олдинроқ “AMD”ни сотиб олишга маҳаллий “Qualcomm” ҳамда “Samsung” (Жанубий Корея) компаниялари ҳам қизиқиш билдирганди.

“Ақлли” соатлар
Япониянинг “Casio” соатсозлик компанияси 2016 йилнинг мартидан смарт-соатлар ишлаб чиқара бошлайди.
Корхона раҳбари Казуо Кашионинг маълум қилишича, ушбу янги қурилманинг ҳажми шу турдаги маҳсулотларга қараганда каттароқ ҳамда қўшимча имкониятларга эга бўлади. Улар, асосан, эркаклар учун мўлжаллаб тайёрланади.
Ҳозир “Apple”, “Samsung”, “Sony”, “Huawei”, “Asus” каби компаниялар “ақлли” соатлар ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда.

Тежамкорлик бўйича рекорд
Жаҳонга машҳур “Honda” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобиль ёнилғи тежамкорлиги бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
Буни аниқлаш учун мазкур корхонанинг “Civic Tourer” русумли машинасида 13 минг 498 километр масофа босиб ўтилди. Харажатлар таҳлил қилинганда, автомобиль ҳар 100 километр масофага ўртача 2,82 литр ёнилғи сарфлагани маълум бўлди. Мазкур кўрсаткич унинг ҳужжатларида келтирилган миқдордан (3,8 литр) 25 фоиз камдир.

Кўнгилочар боғдаги кўнгилсизлик
Таиланднинг Кхонкэн музофотидаги ҳайвонот боғида масканга ташриф буюрувчиларни ташишда фойдаланиладиган иккита трамвай тўқнашиб кетди.
Оқибатда беш киши ҳаётдан кўз юмган.
Яна эллик нафардан ортиқ одам тан жароҳати олди. Фожиа транспорт воситаларидан бирининг тормоз қисмида юзага келган муаммо сабабли юз бергани айтилмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Бандликка оид кўрсаткичлар Эҳтиёж кучаяди »