Бандликка оид кўрсаткичлар
  • 07 Июль 2015

Бандликка оид кўрсаткичлар

Жорий йилнинг май ойида ягона валюта бирлигига аъзо 19 та мамлакатда ишсизлик даражаси 11,1 фоизлигича сақланиб қолган. Европа Иттифоқи статистика бошқармаси томонидан маълум қилинишича, бу 2012 йилнинг март ойидан буён қайд этилган энг яхши  кўрсаткичдир.
Майда Европа Иттифоқига аъзо 28 давлатда эса ишсизлик даражаси худди апрелдаги каби 9,6 фоизни ташкил этган. Бу 2011 йилнинг июлидан бери кузатилган энг яхши натижа ҳисобланади.
Бандлик масаласида энг яхши кўрсаткич Германияга тегишли бўлиб турибди. Мазкур давлатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 4,7 фоизи иш билан таъминланмаган. Грециядаги кўрсаткич эса 25,6 фоизга тенг. Табиийки, бу ҳудуддаги энг ёмон салбий ҳолатдир.

Хавфли бурилиш
Филиппиннинг Ормок шаҳридаги портдан йўлга чиққан “Ким нирвана” номли паром соҳилдан 800 метр узоқликда чўкиб кетди.
Ушбу кўнгилсиз воқеа юз берган вақтда сув транспорти бортида 187 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа оқибатида 38 киши ҳаётдан кўз юмган. Яна ўн беш нафар одам бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда. Қутқарувчилар томонидан 134 кишининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Фожиа кема экипажининг техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмагани туфайли юз бергани айтилмоқда. Яъни паром портдан чиқиши билан кескин бурилиш амалга оширилган. Оқибатда у ағанаб кетган.


Томонлар келишиб олди
Европанинг “Airbus” авиаконцерни Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида ташкил этилган янги эркин савдо ҳудудида ўз самолётсозлик корхонасини қуради, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Томонлар бу борада келишиб олишган ҳамда қиймати 150 миллион еврога тенг шартнома имзоланган. Режага кўра, корхона қурилиши 2017 йилда якунланади ҳамда бу ерда узоқ масофаларга учувчи “А330” русумли самолётларни йиғиш йўлга қўйилади.
Бу “Airbus”нинг Хитойдаги иккинчи корхонаси ҳисобланади. Авиаконцерн мазкур мамлакатда биринчи заводини 2004 йили Пекин шаҳри яқинида ишга туширган эди.

Сабаби номаълум
АҚШнинг Техас штатида унчалик катта бўлмаган “Aeronca 7BCM Champion” русумли самолёт ҳалокатга учраши оқибатида лайнер бортида бўлган икки киши ҳаётдан кўз юмди.
Ҳаво кемаси мазкур маъмурий ҳудуд жануби-шарқида жойлашган Портленд шаҳридаги уйлардан бирининг устига қулаган. Фожиага нима сабаб бўлгани аниқ эмас. Ушбу ҳолат юзасидан АҚШ федерал авиация бошқармаси текшириш олиб бораяпти.


Темир йўлга сиғмаган поездлар
Франциянинг “SNCF” темир йўллари оператори Канаданинг “Bombardier” компаниясидан сотиб олган янги поездлардан вақтинча фойдалана олмайди.
Бунга уларнинг меъёрдагидан бир неча миллиметр баландлиги сабаб бўлган. Компания Франция ва Италия ўртасида ушбу поездлар қатновини йўлга қўйишни мўлжаллаган эди. Аммо улар мазкур мамлакатларни боғлаб турувчи туннелга сиғмаган.
Бу янги поездларнинг Франция йўлларига тўғри келмаслиги билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Ўтган йили “SNCF” харид қилган транспорт воситалари маҳаллий платформалар учун кенглик қилган эди. Уларни мослаштириш учун қўшимча 50 миллион евро сарфланган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn