Люблинда Ўзбекистон — Польша бизнес-форуми
  • 02 Июль 2015

Люблинда Ўзбекистон — Польша бизнес-форуми

Польшада Ўзбекистон — Польша бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг Варшавадаги элчихонаси томонидан Люблин вилояти маъмурияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Польшанинг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари, Ўзбекистон тадбиркорлари делегацияси аъзолари қатнашди.

Икки давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда польшалик мутахассислар мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида республикамиздаги инвестициявий муҳитнинг ўзига хос жиҳатлари, Ўзбекистон савдо-иқтисодий салоҳияти ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати акс эттирилган тақдимот маросимлари ҳам бўлиб ўтди.
Анжуманда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ҳамда “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари фаолияти, уларда хорижлик сармоядорлар учун яратилган имтиёзу қулайликлар хусусида атрофлича фикр юритилди.
Бизнес-форумнинг польшалик иштирокчилари мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятларига баҳо берар экан, ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдиришди.
Жумладан, Люблин вилояти бошқаруви аъзоси Аркадиус Братковски ушбу анжуман Ўзбекистон ва Польша тадбиркорларига тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш учун кенг имконият яратиб берганини қайд этди. У мазкур тадбирда ҳозир бўлган қатнашчиларнинг сони ҳам Польша ишбилармон доиралари вакилларида Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиш нақадар юқорилигини тасдиқлашини таъкидлади.
— Бугунги бизнес-форум давлатларимиз ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтаради, — деди у. — Ушбу фурсатдан фойдаланиб, ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрлиги учун Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукуматига миннатдорлик билдиришни истар эдим.
Ўз навбатида, Люблин вилояти маъмуриятининг Иқтисодиёт ва инновациялар департаменти мувофиқлаштирувчиси Марта Смульковска ҳам Ўзбекистон юксак иқтисодий салоҳиятга эга эканлигини айтиб ўтди.
— Ўзбекистон делегацияси учун тайёрлаган дастур ҳар икки томон учун ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашда қўл келишига ишонаман, — деди у. — Биз ҳам ҳадемай мамлакатимиз делегациясини юртингизга юбормоқчимиз.


«Жаҳон» АА.
Варшава

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn