Хизматга ҳақ олинмайди
  • 02 Июль 2015

Хизматга ҳақ олинмайди

Европа давлатлари ягона валюта бирлигига аъзо мамлакатларда мобиль алоқанинг роуминг хизматига ҳақ тўланишини бекор қилиш борасида дастлабки келишувга эришди.

Унга кўра, 2017 йилнинг 15 июнь санасидан ушбу хизмат тури учун пул олинмайди. Бу ҳақда рақамли иқтисодиёт ва жамият бўйича еврокомиссар Гюнтер Эттингер таъкидлаб ўтган.
Маълумот ўрнида айтамиз, 2014 йилнинг июль ойида Европа Иттифоқида бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритилиб,  халқаро қўнғироқлар ва SМS хабарлар нархи 20, мобиль қурилма орқали маълумотларни узатиш қиймати 55 фоизга арзонлаштирилган эди.

Тинимсиз ёғингарчилик хавфи
Япониянинг Кюсю оролидаги Кумамото префектурасига қарашли Мифунэ шаҳрида яшовчи 17600 кишига мазкур ҳудуддан вақтинча кўчиш тавсия этилди.
Бундай қарор қабул қилинишига шаҳарда кучли ёғингарчиликлар туфайли кўчкилар содир бўлиш хавфи юқорилиги сабаб бўлди. Шу боис махсус эвакуация марказлари ташкил этилди. Маълум қилинишича, ҳозир етти мингта тураржой табиий офатдан жиддий зарар кўриши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.  
Японияда икки ҳафтадан бери тинимсиз ёмғир ёғаяпти. Кюсю оролида эса унинг миқдори соатига 30-40 миллиметрни ташкил этмоқда.

Лойиҳа тасдиқланди
Франция пойтахти Париж шаҳри кенгаши “Triangle” (Учбурчак) минорасини қуриш бўйича лойиҳани маъқуллади. У сўнгги 40 йил ичида мазкур кентда барпо этиладиган биринчи осмонўпар бино ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа 2014 йил ноябрда шаҳар кенгашига таклиф этилган эди. Аммо ўшанда маъмурлар уни қабул қилишмаган. Шу боис қайта тайёрланган лойиҳада бино майдони 10 минг квадрат метрга қисқартирилди.
Миноранинг барпо этилишига қарши чиқаётганлар ҳали ҳам учраб турибди. Уларнинг фикрича, янги қурилиш энергия истеъмоли борасида тежамкор эмас.
Минорада тўрт юлдузли меҳмонхона ҳамда маданий тадбирларни ўтказиш имкониятлари яратилади.

Махсус тадқиқот хулосаси
Иқтисодий таназзул вақтида ота-оналар ўғилларидан кўра кўпроқ қизларига ғамхўрлик кўрсатар экан.
Бир гуруҳ олимлар томонидан ўтказилган махсус тадқиқот якунида ана шундай хулосага келинди. Бу ҳақда “Тhe Journal of Consumer Research” журналида чоп қилинган мақолада батафсил маълумотлар баён этилган.
Мутахассислар дастлаб тадқиқот олиб борилган 629 кишига иқтисодий аҳвол ёмонлашиб бораётгани ҳақидаги мақолани ўқишни тавсия қилишди. Кейин улардан бундай мураккаб вазиятда ўзларида бор маблағни қандай тақсимлашлари сўралди. Натижалар таҳлил қилинганда, сўровда қатнашган 60 фоиз ота-она пулларини қизларига беришини маълум қилган.

Хакерлар ҳужуми
Канада хавфсизлик ва разведка хизматининг интернетдаги сайтига хакерлар томонидан бир кеча-кундузда уч марта ҳужум уюштирилган.
Манбага қараганда, бу “ташриф”ни “Aerith” номли кибержиноятчи ўз зиммасига олган. Бунгача у мамлакат полицияси ва бир қатор муниципалетларнинг сайтларига ҳужум қилган эди. Бу орқали қандай маълумотларни қўлга киритгани аниқ эмас.
Умуман олганда, сўнгги кунларда Канада давлат муассасаларига бундай “ташрифлар” тез-тез кузатилмоқда. Масалан, олдинроқ “Anonymous” номли кибержиноятчилар гуруҳи мамлакат адлия вазирлиги, Канада коммуникация хавфсизлиги маркази каби ташкилотларнинг сайтларига зарар етказган эди.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn