Юртимиз иқтисодий ва сармоявий имкониятлари умумжаҳон кўргазмасида тақдим этилди
  • 23 Июнь 2015

Юртимиз иқтисодий ва сармоявий имкониятлари умумжаҳон кўргазмасида тақдим этилди

Куни кеча Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Париждаги конференциялар марказида Халқаро кўргазмалар бюроси Бош ассамблеясининг 157-сессияси бўлиб ўтди.

Анжуман чоғида бюджет, ахборот ва коммуникациялар, ижроия комиссияси масалалари бўйича ҳисоботлар тинглангани баробарида, умумжаҳон кўргазмаларини рўйхатга олиш ҳуқуқи ва аъзолик бадали билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида Милан шаҳрида “Expo Milano — 2015” умумжаҳон кўргазмаси ва “Milan Trienalle — 2016” (Италия) дизайнерлик кўргазмаси, Остонада “EXPO — 2017” ихтисослаштирилган кўргазмаси (Қозоғистон), Пекинда “Пекин EXPO — 2019” ботаника кўргазмаси (Хитой) ҳамда Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган “EXPO — 2020” халқаро кўргазмаси (Бирлашган Араб Амирликлари) юзасидан ташкилотчи мамлакатлар ташкилий қўмиталарининг ҳисоботлари ҳам муҳокама қилинди.
Халқаро кўргазмалар бюроси Бош ассамблеясининг 157-сессияси доирасида Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг “Expo Milano — 2015” умумжаҳон кўргазмасидаги миллий павильони  тақдимоти ташкил этилди. Унда павильоннинг майдони ва бўлимлари, бошқалардан ажралиб турадиган ўзига хосликлари, шунингдек, миллий экспозициянинг бетакрорлиги, замонавий дизайни ва мазмундорлиги юзасидан хорижий экспертлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдимот қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, Миландаги Ўзбекистоннинг миллий павильонига ташриф буюрган меҳмонлар юртимизнинг бой маданий-тарихий мероси, мустақиллик йилларида эришилган муваффақиятлар, унинг иқтисодий ва сармоявий имкониятлари билан яқиндан танишишга муваффақ бўлишади. Мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш саноатида, уруғчилик, чорвачилик, боғдорчилик, паррандачилик ҳамда балиқчилик, шунингдек, бошқа тармоқларда замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш имкониятлари ушбу умумжаҳон кўргазмасида алоҳида намойиш этилади.
Мамлакатимиз дипломатия миссияси вакиллари томонидан тақдим қилинган маълумотлар Бош ассамблея 157-сессиясининг иштирокчилари ўртасида катта қизиқиш уйғотди.


«Жаҳон» АА.
Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn