Даромадсиз дўконлар ёпилади
  • 18 Июнь 2015

Даромадсиз дўконлар ёпилади

АҚШнинг кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи “Gap” компанияси мамлакатда ва Европа давлатларида фаолият кўрсатаётган 175 та дўконини ёпмоқчи.
Бундай қарорга келинишига уларнинг айримларидан паст даромад олинаётгани, бир қисми эса ноқулай ҳудудларда жойлашгани сабаб бўлган.

“Gap” жаҳондаги энг йирик ритейлердан биридир. Унинг дунё бўйича уч мингдан ортиқ савдо нуқтаси мавжуд. Компания маъмурияти дўконлар ёпилиши туфайли бош қароргоҳдаги ходимлардан бир қисмини ишдан бўшатишни режалаштирган.

Ўсиш суръати кутилганидек эмас
Шу йилнинг май ойида Европада автомобиллар савдоси 1,4 фоиз ўсди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Аммо бу кўрсаткич январдан апрелгача бўлган давр мобайнида қайд этилган натижадан сезиларли даражада кам. Чунки жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ўсиш 8,1 фоизни ташкил қилган эди. Европа автомобиль ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси майдаги ҳолатни машиналар савдосида ижобий силжиш бошланганидан буён кузатилган энг паст кўрсаткич, дея баҳолади.
Изоҳланишича, бу хизмат кўрсатиш жараёни билан бевосита боғлиқ. Гап шундаки, май ойида дам олиш кунлари нисбатан кўп бўлган. Табиийки, бу савдога салбий таъсир қилган.

Йўлдаги хато оқибати
Тунис пойтахтидан 60 километр жанубда жойлашган Эл-Фахс ва Бу-Арада аҳоли яшаш пунктлари ўртасида поезд ҳамда юк машинаси тўқнашиб кетди.
Оқибатда 18 киши ҳаётдан кўз юмган, 98 киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Фожиа юк машинаси ҳайдовчисининг қўпол хатоси туфайли юз берган. У поезд келаётган вақтда тўхташ белгисига амал қилмай ҳаракатни давом эттириб, темир йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган.

Жазирамадан кейин ёғингарчилик
Ўтган ҳафтада Япониянинг бир қатор префектураларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиб кетиши натижасида қарийб 780 киши шифохонага ётқизилди.
Мамлакат ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хабарига кўра, ноқулай об-ҳаво шароитидан, айниқса, Осака, Токио шаҳарлари ҳамда Саитама, Хёго, Аити префектуралари аҳолиси кўп азият чекди.
Ҳозирги пайтга келиб, ҳарорат мўътадиллашиб, бир қанча ҳудудларда ёмғир ёға бошлаган. Ёғингарчилик кучлилиги боис энди айрим префектураларда тошқинлар рўй бериб, ўпирилишлар кузатилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Тўйиб ухлашга нима етсин
“The International Journal of Epidemiology” нашрида баён қилинишича, уйқу режимининг бузилиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи бир қанча омилларга йўл очаркан.
Хусусан, мазкур ҳолат спиртли ичимликлар истеъмол қилишга мойилликни ошириши, ортиқча вазннинг пайдо бўлиши ёки чекишни ташлашга халал бериши мумкинлиги таъкидланган. Бу борада тадқиқот ўтказган мутахассислар бир неча йил давомида Дания ва Финляндияда яшовчи 35 минг кишининг саломатлигидаги ўзгаришларни кузатиб боришган. Якунда ухлаш тартибини бузганларнинг кўпчилигида юқоридаги каби салбий иллатларга мойиллик ортгани аниқланган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn