Келишувга эришди
  • 17 Июнь 2015

Келишувга эришди

Канаданинг “Hudson’s Bay” ритейлери Германиянинг “Kaufhof” универмаглар тармоғини сотиб олмоқчи. “Евроньюс” телеканали хабарига кўра, ушбу келишув харидор учун 2,8 миллиард еврога тушади.

“Kaufhof” мамлакатдаги энг йирик савдо тармоғи ҳисобланиб, Германияда унинг 120 та, Бельгияда эса 16 та дўкони мавжуд. Муассасанинг йиллик умумий савдо ҳажми 3,1 миллиард еврога тенг. Мазкур харид орқали “Hudson’s Bay” жаҳон бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Энг узун темир йўл
Хитойда дунёдаги энг узун темир йўл линияси ишга туширилди.
У мамлакат шимоли-шарқидаги Харбин шаҳрини Германиянинг Гамбург шаҳри билан боғлайди. Ўртадаги масофа 9,8 минг километрдан зиёдроқ бўлиб, поезд белгиланган манзилга 15 кунда етиб боради.
Мутахассисларнинг изоҳлашича, “Харбин — Гамбург” йўналиши орқали юкларни ташишга автомобиль ва денгиз йўлига нисбатан икки баробар кам вақт сарфланади. Ушбу линияда биринчи поезд 13 июнь куни Харбиндан йўлга чиқди.

Вулқон яна “уйғонди”
Индонезиянинг Суматра оролидаги Синабунг вулқони яна фаоллашди.
Мамлакат ҳукумати унинг хавфлилик даражасини энг юқори, дея баҳолаган. Шу боис қарийб уч минг киши бошқа жойга кўчирилди. Қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ. Лекин гуманитар ҳалокат кузатилиши мумкинлиги айтилмоқда. Гап шундаки, вулқондан ажралиб чиқаётган лава ва кул 60 километр олисда жойлашган Медан шаҳри ҳудудини тобора қамраб олаяпти.
Синабунг 400 йиллик “уйқу”дан сўнг 2010 йилда қайта “уйғонган” эди. У охирги бор ўтган йили фаоллашган. Ўшанда 17 киши ҳаётдан кўз юмганди.

Тадқиқотчилар хулосаси
Бир гуруҳ олимлар инсонларнинг касалликка чалиниши улар туғилган ойларга боғлиқми ёки йўқми, деган саволга жавоб топишга уриниб кўришди.
Тадқиқот давомида 1985 — 2013 йилларда турли хасталик туфайли шифокорлар назоратида бўлган 1,7 миллион кишига тегишли маълумотлар кўздан кечирилди. Ажабланарлиси, бир ярим мингдан кўпроқ одамнинг ўрганилган касаллик тарихида 55 та ҳолатда соғлиқнинг ёмонлашиши улар туғилган ойга бевосита боғлиқлиги аниқланган. Масалан, июль ва октябрь ойларида таваллуд топганларда астмага чалиниш хавфи юқори бўлган. Ноябрда дунёга келганларнинг кўпчилиги эса диққатни жамлаш ва шунга ўхшаш касалликлардан азият чеккан. Саломатлиги энг мустаҳкам кишилар май ойида туғилганлар экан.

Ўн олти соат пиширилган таом
Италиялик ошпазлар энг узун пицца тайёрлаб, дунё рекордини янгилашди.
Ренде шаҳрида пиширилган ушбу таомнинг узунлиги 1,2 километрга тенг бўлиб, уни тайёрлаш учун 16 соат вақт сарфланди. Ушбу жараённи 60 минг нафарга яқин одамлар кузатиб борди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, бу борадаги аввалги рекорд испаниялик ошпазларга тегишли эди. Улар 2011 йилда 1,14 километрлик пицца пиширишган.

Ҳеч кимга зарар етмади
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида мамлакат ҳарбий ҳаво кучларига тегишли самолёт қулаб тушди.
Учувчи катапульта ёрдамида омон қолган. Жароҳатланганлар йўқ. Мудофаа вазирлиги воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn