Келгуси уч йил учун тахмин
  • 16 Июнь 2015

Келгуси уч йил учун тахмин

Португалия банки мамлакат иқтисодиётининг келгуси уч йил ичидаги ўсишига оид прогнозларини эълон қилди. Унга кўра, жорий йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,7 фоиз ошади. 2016 ва 2017 йилларда тегишли равишда 1,9 ҳамда 2 фоиз ўсишга эришилиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, шу йилнинг январь — март ойларида Португалияда ЯИМ ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,5 фоиз ўсган.

Зарар миқдори маълум
Япониянинг “Honda Motor” компанияси автомобилларига ўрнатилган хавфсизлик тизимида нуқсонлар аниқлангани боис дунё бўйича сотилган миллионлаб машиналарини қайтариб олишга мажбур бўлган эди. Бу ҳақда кўп марта хабар тарқатилган.
Компаниянинг шундай аҳволга тушиб қолиши “Takata” фирмаси томонидан етказиб берилган хавфсизлик ёстиқчаларининг яхши ишламагани билан боғлиқ. “Honda Motor” компанияси ушбу машмаша туфайли кўрилган зарар миқдорини илк бор оммага маълум қилди. “Евроньюс” телеканалида айтилишича, унинг ҳажми 45 миллиард иена (324 миллион евродан ортиқ)га тенг.
“Takata” маҳсулотларидаги камчилик боис 2008 йилдан буён биргина АҚШ бозоридан турли компанияларга тегишли 34 миллион дона автоулов қайтариб юборилган.

Танкер ғойиб бўлди
Жануби-Хитой денгизида 6 минг тонна бензин олиб кетаётган танкер йўқолди.
Сув транспорти воситасида 22 нафар экипаж аъзоси бўлган. Улар Малайзия, Индонезия ҳамда Мьянма давлати фуқароларидир. Айни пайтда ҳудудда кенг қамровли қидирув олиб борилаяпти. Бу ишга Малайзия ҳарбий-денгиз кучлари ва соҳил қўриқлаш хизмати вакиллари жалб этилган.
Халқаро денгиз бюросининг тахминига кўра, танкер қароқчилар ҳужумига учраган бўлиши мумкин.

Сабаби ўрганилмоқда
АҚШнинг Куэро шаҳри (Техас штати)даги газ қувурида кучли портлаш рўй берди.
Натижада ёнғин келиб чиқди. Шу боис мазкур ҳудудга яқин жойда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари зудлик билан эвакуация қилинди. Шаҳар маъмурияти ва ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари портлаш сабабини ўрганишмоқда.

Онлайн-радио
“Apple” компанияси ўзининг мусиқий сервиси имкониятларини таништирди.
“Music” дея номланган мазкур лойиҳа “онлайн-радио” сифатида фаолият кўрсатади. У тақдим этадиган мусиқалар махсус экспертлар томонидан сараланади. Эътиборлиси, ушбу сервис хизматидан нафақат “Apple” қурилмаларига эга бўлганлар, балки “Android” ва “Windows” тизимида ишлайдиган алоқа воситалари соҳиблари ҳам бемалол фойдалана оладилар. Сервис пуллик. Аммо дастлабки уч ойда ундан фойдаланиш текин.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Иш ўринлари кўпаймоқда Келишувга эришди »