Энг қиммат брендлар рейтинги
  • 06 Июнь 2015

Энг қиммат брендлар рейтинги

“Millward Brown” агентлиги жаҳондаги энг қиммат автомобиль брендларининг янги рейтингини эълон қилди.

Унда Япониянинг “Toyota” концерни тўртинчи бор биринчи ўринни эгаллади. Агентлик баҳосига кўра, мазкур ишлаб чиқарувчининг савдо белгиси қиймати 28,9 миллиард АҚШ долларига тенг. Лекин бу ўтган йилдагига нисбатан икки фоизга кам.
Иккинчи ва учинчи поғоналарда Германиянинг “BMW” (26,3 миллиард доллар) ҳамда “Mercedes-Benz” (21,7 миллиард доллар) компаниялари қайд этилган.


Фаолиятини кенгайтирмоқда
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида дунёга машҳур “Intel” корпорацияси дастурланадиган чиплар ишлаб чиқарувчи “Altera” компаниясини сотиб олди.
Ушбу савдонинг умумий қиймати 16,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу “Intel” фаолиятидаги энг йирик харид ҳисобланади. У бундан аввал, аниқроғи, 2011 йилда 7,7 миллиард доллар эвазига антивирус дастурлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “McAfee” компаниясини таркибига қўшиб олган эди.
“Altera” маҳсулотлари смартфонлар, планшетлар ва автомобилларда кенг қўлланилади.


Навбатдаги режани тақдим этади
Буюк Британиянинг “HSBC” банки келгуси ҳафтада инвесторларга иш ўринларини қисқартириш бўйича янги режасини тақдим этиши мумкин, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.
Гап 10 мингдан 20 минг нафаргача бўлган ходим хизматидан воз кечиш ҳақида бормоқда. Молия муассасаси вакиллари бу борада тарқатилган маълумотни изоҳлашни хоҳламади.
Айтиш жоизки, бундан аввал ҳам “HSBC” банкида иш жойларини қисқартириш ҳолати кузатилган. Масалан, Стюарт Гулливер ижрочи директор вазифасида фаолият бошлаган 2011 йилдан буён 50 минг кишининг меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бу чора-тадбир муассасада изчил олиб борилаётган реструктуризация ва молиявий соғломлаштириш жараёни билан боғлиқ, дея таъкидланган эди.

Ҳаракат соғлиққа фойда
Бир гуруҳ олимлар “офисларда фаолият юритувчи ходимлар, агар ўз соғлиқлари ҳақида қайғуришса, бунинг учун бир иш куни давомида камида икки соат тик ҳолда ҳаракатда бўлишлари лозим”, деган фикрни илгари суришаяпти.
Бу борадаги тадқиқот натижалари “Телеграф” нашрида чоп этилган. Айтилишича, узоқ вақт иш столида ўтириш қандли диабет, саратон, гипертония ҳамда юрак билан боғлиқ жиддий касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзини жорий этиш, тўғри овқатланишни тарғиб қилиш ва чекишга қарши кураш мақсадга мувофиқдир.


Мураббий ўзгарди
Испаниянинг “Реал Мадрид” футбол жамоасига Рафаэль Бенитес бош мураббий этиб тайинланди.
Таниқли мутахассис билан имзоланган шартнома уч йилга мўлжалланган бўлиб, у йилига 4 миллион евро миқдорида маош олади.
Шунингдек, Бенитес клуб президенти Флорентино Перес билан жамоага янги футболчиларни жалб этиш масаласини ҳам муҳокама қилган. Сотиб олиниши мумкин бўлган ўйинчилар орасида “Пари Сен-Жермен” ярим ҳимоячиси Марко Вератти, “Манчестер Юнайтед” дарвозабони Давид де Хеа ва “Манчестер Сити” ҳужумчиси Серхио Агуэро номи келтириб ўтилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn