Прогнозини пасайтирди
  • 03 Июнь 2015

Прогнозини пасайтирди

АҚШ ҳукумати миллий иқтисодиёти ривожига оид прогнозларини пасайтирди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Масалан, жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ҳажми 0,7 фоиз қисқарди. Изоҳланишича, мамлакатда кузатилган кучли қор бўронлари, ғарбий соҳиллардаги портларда уюштирилган иш ташлашлар ва яна бир қанча омиллар саноат ҳамда савдо соҳаларига салбий таъсир кўрсатди. Бу, албатта, йиллик иқтисодий натижаларда ҳам ўз ифодасини топмай қолмайди.

Танг вазият
Франция меҳнат бозоридаги вазият тобора мураккаблашиб бормоқда. Гап шундаки, апрелда мазкур давлатда ишсизлар сони 3,53 миллион кишига етган. Бу март ойидагига қараганда 0,7 фоиз кўп. Мамлакат меҳнат вазирининг айтишича, ҳақиқатан ҳам, ҳозир бандлик масаласида аҳвол қониқарли эмас. Ишсизликни камайтириш эса иқтисодий фаолликнинг тикланиши билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, ҳаммаси изига туша бошлаши учун Франция ялпи ички маҳсулоти ўртача 1,3-1,5 фоизни ташкил қилиши лозим.


Қидирув қийин кечмоқда
Кучли тўфон туфайли Хитойдаги Янцзи дарёсида йўловчи теплоходи чўкиб кетди. Ушбу воқеа юз берган вақтда сув транспортида 450 нафардан зиёд одам бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 20 нафарга яқин киши қутқариб олинган. Улар орасида теплоход капитани ва катта механиги ҳам бор.
Қидирув-қутқарув давом этмоқда. Аммо ноқулай об-ҳаво шароити мутахассислар ишини қийинлаштираяпти.


Огоҳлантирмагани учун товон тўлайди
Суд қарорига кўра, Канададаги тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар чекувчиларга 11 миллиард евро миқдорида товон пули тўлаши лозим.
Бунга улар тайёрлаётган маҳсулотларда чекишнинг инсон соғлиғига зарари ҳақида огоҳлантирувчи қайдлар мавжуд эмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. Ушбу ҳолат бўйича Квебек судига 1998 йилда даъво аризаси билан мурожаат қилинган бўлса-да, ҳал қилув қарори орадан 17 йил ўтгач чиқарилди.
“Жараён узоқ давом этди. Шунга қарамай биз мақсадимизга эришдик”, дейди Квебек чекишга қарши кураш ташкилоти раҳбари.
Ўз навбатида, ишлаб чиқарувчилар ушбу айбловни инкор этиб, судга апелляция беришган.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn