Шароит тақозоси
  • 02 Июнь 2015

Шароит тақозоси

Непалда минглаб мактаблар яна ўз фаолиятини бошлади. Маълумки, апрель ойида мазкур давлатда кузатилган кучли зилзила жуда катта талафотларни келтириб чиқарган эди. Хусусан, биргина мамлакат пойтахти Катманду шаҳрида 25 мингга яқин синфхоналар вайронага айланганди.

Таълим жараёнини қайта йўлга қўйиш мақсадида жойларда вақтинчалик ўқув масканлари ташкил қилинди. Бунинг учун бамбук дарахти ва брезентдан хом ашё сифатида фойдаланилди. Дастлабки босқичда дарслар умумий гуруҳ шаклида ўтилиб, унда асосий эътибор ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини тиклашга қаратилади. Вақтинчалик таълим муассасаларидан келгуси икки йил давомида фойдаланиш кўзда тутилган. Ушбу муддат оралиғида вайрон бўлган мактаблар қайта тикланади.

Нефть нархида ўзгариш
Жаҳон бозорида нефть нархи бир оз пасайди.
Ахборот агентликлари тарқатган хабарларга қараганда, Лондон биржасида ўтказилган сўнгги савдолар чоғида “Brent” типидаги “қора олтин”нинг бир баррели қиймати 0,583 фоиз арзонлашиб, 65,18 АҚШ долларига баҳоланди. Нью-Йорк биржасида эса “WTI” русумидаги ушбу маҳсулотнинг бир баррели нархи 0,769 фоиз тушиб, 59,84 доллардан сотилди.

Ёнилғисиз парвоз
Қуёш батареялари ёрдамида учадиган “Solar Impulse 2” номли самолёт узоқ муддатли парвозни бошлади.
Уни Андре Боршберг бошқармоқда. Белгиланган масофа Нанкин шаҳридан Гавайя оролларигача бўлиб, жами 8000 километрни ташкил қилади. Парвоз 130 соат давом этади. Учувчи узоқ сафар учун ўзи билан егуликлар ва ичимликлар олиб олган. Фавқулодда ҳолатлардан ҳимояланиш мақсадида самолётга кислород баллонлари ҳамда парашют жойлаштирилган.

Чекишга чек қўйилди
1 июндан эътиборан, Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида чекишга қарши янги қонун кучга кирди.
Унга кўра, иш жойлари, жамоат транспорти, шунингдек, болалар боғчалари, мактаблар, соғломлаштириш марказлари, спорт мажмуалари, она ва бола шифохоналари, маданий ёдгорликлар ҳудудларида тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиш қатъиян ман этилди.
Бу ҳужжат 2014 йилнинг ноябрь ойида шаҳар маъмурияти томонидан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган эди, дейилади “CCTV” телеканали хабарида. Белгиланган талабларни бузганлар 32 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади. Қонунни бир неча бор бузган шахслар номи эса махсус сайтларда кўрсатилиб, улар шу йўл орқали кенг жамоатчилик олдида изза қилинади.
Айни пайтда ушбу мамлакатда 300 миллион киши чекади. Яна 740 миллионга яқин хитойлик эса пассив чекувчилар саналади.

Семиришнинг яна бир сабаби
АҚШнинг Мичиган университети олимлари одамнинг кескин семириб кетишига сабаб бўлувчи яна бир омилни аниқлашди.
“The Daily Mail” нашрининг ёзишича, йигит ва қизларнинг 22 ёшдан эрта турмуш қуриши кейинчалик вазн билан боғлиқ жиддий муаммони юзага келтириши мумкин экан.
Бу борада ўтказилган тадқиқотга 14 минг киши жалб қилиниб, улардаги ўзгаришлар 17 йил давомида кузатилган. Якунда эрта турмуш қурганларнинг 65 фоизи семизликка йўлиққани маълум бўлган. Чунки улар кўп овқат истеъмол қилиб, спорт билан кам шуғулланишган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Йирик лойиҳа Прогнозини пасайтирди »