Йирик лойиҳа
  • 29 Май 2015

Йирик лойиҳа

Хитой, Бразилия ва Перу Жанубий Америкада трансконтинентал темир йўл қурилиши лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида.

Бразилиянинг Атлантика соҳилларидан Перунинг Тинч океанидаги портларигача бўлган масофани бирлаштирадиган мазкур темир йўлнинг узунлиги 5 минг километрни ташкил этади. Қиймати 10 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа доирасида ҳудудда атроф-муҳитга зарар етказмаслик шарти билан саноатни ривожлантиришга хизмат қилувчи бир қатор объектлар қурилиши ҳам режалаштирилган.

Носозлик ноқулайлик туғдирди
Брюсселдаги халқаро аэропортнинг диспетчерлик хизматида юзага келган техник носозлик парвозлар жадвалига салбий таъсир кўрсатди.
Хусусан, 144 та рейс бекор қилинди, 31 авиалайнер эса бошқа аэропортларга қўнишга мажбур бўлди. “Brussels Airlines” компанияси томонидан маълум қилинишича, юзага келган муаммо 11 мингга яқин йўловчиларга ноқулайлик туғдирди.
Техник носозлик электр таъминоти билан боғлиқ бўлиб, бир неча соат ичида камчилик бартараф этилгач, аэропорт яна фаолият кўрсатишни бошлади.

Олти сониялик торнадо
Мексикада кучли торнадо кузатилди.
Сьюдад-Акунья шаҳрида рўй берган табиат ҳодисаси оқибатида 13 киши ҳаётдан кўз юмди, 230 нафардан ортиқ одам жароҳатланди.
Шунингдек, қарийб 400 та тураржой, турли муассасалар, ўнлаб автомобилларга зарар етди. Мутахассислар торнадо атиги олти сония давом этганини, аммо у мамлакат тарихидаги энг кучлиси бўлганини айтишмоқда.
Айни пайтда шаҳарда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилаяпти. Шу боис қурбонлар сони ошиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.

Бошқача иссиқ
Ҳиндистонда бир ҳафтадан ортиқроқ вақт мобайнида сақланиб турган аномал ҳарорат аҳоли учун катта қийинчилик туғдирмоқда.
Андхра-Прадеш ва Теланган штатларида термометрнинг симоб устуни 49 даражага етаяпти. Натижада қурбонлар сони тобора ошиб бораётир. Ҳозирги кунга қадар қарийб 1400 киши ҳаётдан кўз юмган. Электр истеъмолининг меъёридан ортиши таъминотда узилишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаяпти. Бу эса кондиционер ва вентиляторлардан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўймоқда.
Синоптиклар яқин кунларда айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 50 даражагача кўтарилиши мумкинлигини билдиришган.

Ноёб қуш тасвири
Австралиянинг Мельбурн шаҳрида камдан-кам учрайдиган оқ чумчуқ тасвирга туширилди.
Уни қушларни кузатиб юрувчи Боб Уинтерс суратга муҳрлаган. Мутахассиснинг айтишича, жонивор тахминан саккиз ойлик. У кўзининг қоралиги билан ҳам одатий чумчуқлардан фарқ қилади.
Оқ чумчуқларнинг туғилиш эҳтимоли миллионтадан биттага тенг экан.

Қора шоколад ва кўк чой
Қора шоколад ҳамда кўк чой одамнинг диққатини жамлашга ёрдам беради.
АҚШнинг Шимолий Аризона университети олимлари ана шундай фикрни илгари суришмоқда. Мутахассислар 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 122 кишини ушбу тадқиқотга жалб этишди. Уларга таркибида турли фоизда какао бўлган шоколадлардан тановул қилиш тавсия этилди ҳамда миянинг фаоллиги махсус қурилма ёрдамида ўлчаб борилди. Натижалар таҳлил қилинганида, таркибида 60 фоиз ана шу модда мавжуд ширинлик (бу қора шоколадда энг минимал миқдор ҳисобланади) эътиборни жамлашда энг кўп фойда бергани маълум бўлди. Бироқ у инсоннинг қон босимини ошириш хусусиятига эга. Шу боис олимлар мазкур муаммони ҳал этишда кўк чойни ечим сифатида айтишмоқда. Чунки кўк чой таркибида L-тианин аминокислотаси мавжуд бўлиб, у қон босимини меъёрида сақлаб туришни таъминлайди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn