Сеулда Ўзбекистон — Корея бизнес-форуми
  • 27 Май 2015

Сеулда Ўзбекистон — Корея бизнес-форуми

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 2015 йилнинг 26 май куни Сеулда Ўзбекистон — Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган форумда Корея Республикаси томонидан 300 дан ортиқ иштирокчи, шу жумладан, Корея ҳукумати, савдо, саноат ва энергетика, ташқи ишлар, коммуникациялар, инфратузилма, қурилиш ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги ва минтақавий тараққиёт вазирликлари раҳбарлари қатнашди.
Шунингдек, тадбирда Корея газ корпорацияси, “Лотте групп”, “Самсунг”, “ЭлЖи”, “Хюндай”, “Ханжин групп”, “Кореан Эйр”, “ЖиЭм Корея”, “ЖиЭс”, “Поско”, “Ханва” сингари кўплаб етакчи компаниялар, Эксимбанк, Корея ривожланиш банки, “Корея эксченж банк”, “Шинхан банк” ҳамда бошқа молиявий институтлар ҳам иштирок этди.
Бизнес-форум қатнашчиларини қутлар экан, Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, cтратегия ва молия вазири Чой Кёнг Хван “Европа ҳамда Осиёнинг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон анъанавий равишда Жанубий Кореянинг муҳим ва устувор иқтисодий шериги ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига бошланаётган ташрифи жорий йил март ойида бўлиб ўтган умумхалқ сайловларидан сўнг Ўзбекистон раҳбарининг биринчи ташрифи бўлиб, бу давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ҳамда самимий муносабатларнинг юқори даражада эканлигидан далолат беради”, дея таъкидлади.
Унинг алоҳида қайд этишича, “Макроиқтисодий барқарорлик ва чуқур тизимли ислоҳотлар Ўзбекистонда сўнгги ўн йил мобайнида ҳар йили 8 фоиздан кам бўлмаган иқтисодий тараққиётнинг жадал суръатларини таъминлаб берди. Молиявий-иқтисодий инқирозга қарамай, мамлакатда иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши таъминланмоқда. Ислоҳотларнинг “ўзбек модели” ҳаётга изчил татбиқ қилиниши ҳамда туб иқтисодий ўзгаришлар амалда юксак самарадорлигини исботлади.
Бугун Ўзбекистон тизимли ислоҳотлар ва стратегик дастурларни амалга оширишнинг янги босқичига кирди. Мазкур дастурлар ишлаб чиқариш тармоғини модернизациялаш, инфратузилмани тубдан ислоҳ этиш ҳамда ривожлантириш, кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни тубдан такомиллаштиришни қамраб олади”.
Чой Кёнг Хван таъкидлаганидек, “Жанубий Корея томони Ўзбекистон Республикаси билан стратегик шериклик ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қатъиян аҳд қилган. Бунга, энг аввало, Ўзбекистонда амалга оширилаётган стратегик модернизация дастурларини қўллаб-қувватлаш ҳамда савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ривожлантириш орқали эришилади”.
Бизнес-форумда сўзга чиққан йирик корейс компаниялари ҳамда банклари раҳбарлари Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзларининг муваффақиятли фаолият тажрибасини ўртоқлашди.
Хусусан, “Лотте Кемикал” компанияси президенти Ху Су Ёнг қайд этганидек, “Сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик, қулай сармоявий муҳит, табиий ресурсларнинг салмоқли захиралари ҳамда замонавий инфратузилманинг мавжудлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ҳар томонлама кўмак Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишни белгилаб берган омиллар бўлди.
Қатор нуфузли халқаро нашрлар томонидан нефть-кимё соҳасидаги энг яхши лойиҳа ва тез ривожланаётган бозорлардаги энг яхши сармоявий лойиҳа сифатида эътироф этилган ушбу беқиёс юқори технологик қувватнинг қурилиши яқин муддатларда муваффақиятли якунланишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу республикада жаҳон бозорларида катта талаб мавжуд бўлган, юқори қўшилган қийматга эга юксак сифатли полиэтилен, полипропилен ва пиролиз бензинидек маҳсулотларни улкан миқёсда ишлаб чиқаришни таъминлайди”.
“Бугун “Навоий” халқаро аэропорти негизидаги халқаро интермодал логистика маркази Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамда энг замонавий транспорт-логистик хаб бўлиб, у энг юқори халқаро мезонларга жавоб беради”, деди “Кореан Эйр” компанияси президенти Чи Чанг Хун.
Унинг айтишича, “Деярли янгитдан қурилган “Навоий” аэропорти қитъалараро муҳим логистика марказига айланиб бораётгани баробарида, Жануби-Шарқий Осиё давлатларини Европа ва Яқин Шарқ билан ҳам боғламоқда”.
Шу билан бирга, “Кореан Эйр” компанияси Тошкент шаҳрида Корея Республикасининг етакчи олий ўқув юрти — Инха университети филиали фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этаяпти. Мазкур ўқув муассасаси замонавий ўқув дастурлари асосида компьютер ҳамда дастурий инжиниринг бўйича мутахассислар тайёрлашга киришди.
Чи Чанг Хуннинг қайд этишича, “Яқин келажакда юк терминали қувватини ошириш орқали “Навоий” авиахабини янада ривожлантириш, Тошкентдаги Инха университети филиали негизида “Логистика” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шунингдек, иккинчи халқаро йўловчилар терминалини қуриш ва Тошкент шаҳри аэропортини модернизациялаш бўйича истиқболли лойиҳанинг амалга оширилишида қатнашиш режалаштирилмоқда”.
“ЖиЭм Корея” компанияси президенти Сержио Роча ўз нутқида автомобилсозлик соҳасидаги ҳамкорликнинг замонавий ҳолати ҳамда истиқболларига тўхталди. Хусусан, унинг маълум қилишича, “Бугун Ўзбекистонда замонавий автомобиллар, тежамкор двигателлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича учта тўлақонли, юқори технологиялар билан жиҳозланган завод ташкил этилган. Биз дунёнинг бошқа мамлакатларида иккита русумдан кўп автомобиль ишлаб чиқармаймиз, аммо Ўзбекистонда 9 та глобал моделларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Компания иккита янги глобал автомобиль моделларини ўзлаштириш, “ЖиЭм Пауртрейн” корхонаси негизида янада кучли автомобиль двигателларини тайёрлаш, Ўзбекистондаги автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи 100 дан ортиқ корхоналарни “Женерал Моторс” компаниясининг глобал етказиб бериш тармоғига киритиш, автомобиль узеллари, эҳтиёт қисмлар, трансмиссиялар, амортизаторлар ҳамда бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қувватларни ишга туширишни режалаштирмоқда.
Бугун Ўзбекистон биз учун стратегик индустриал шерик бўлиб, биз ҳамкорликнинг сермаҳсул ва ўзаро манфаатли бўлиши учун барча зарур чораларни кўришга тайёрмиз”.
Бизнес-форумда сўзга чиққан ахборот-коммуникация технологиялари тармоғи вакиллари Ўзбекистонда ушбу соҳанинг жадал ўсиш суръати ҳамда катта истиқболларини алоҳида таъкидладилар. Айтиб ўтилганидек, “Президент Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган Милллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш дастури 2020 йилга келиб, ахборот технологиялари ва коммуникациялар тараққиёти даражаси бўйича Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари орасида юқори ўринга чиқишига хизмат қилади”.
— “Самсунг Электроникс” компанияси учун, — дея таъкидлади компания катта вице-президенти Ку Ин Чой, — Ўзбекистон истиқболли стратегик шерик ҳисобланади. Мамлакат иқтисодий ўсиш бўйича улкан салоҳиятга эга, бу ерда замонавий ва диверсификацияланган саноат яратилган. Яқин келажакда республикада замонавий электр-маиший техникалар ишлаб чиқариш ҳамда минтақа бозорларига экспорт қилиш учун таняч ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилиши мумкин.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, “Самсунг Электроникс” компанияси Ўзбекистонда “ноу-хау”лар ва илғор технологик ишланмалар асосида энг замонавий маиший техникаларни ишлаб чиқариш бўйича тўлиқ мажмуани ишга тушириш ҳақида стратегик қарор қабул қилди.
— Бугунги кунда Корея Эксимбанкининг сармоявий молиялаштириш соҳасидаги энг катта лойиҳалар мажмуаси Ўзбекистонга тўғри келиб, у 2 миллиард АҚШ долларидан ошади, — дея қайд этди ўз чиқишида банк вице-президенти Ким Ёнг Ки. — Биз ўзбекистонлик шерикларимизнинг кредит битимлари доирасида ўзларига олган мажбуриятларини бенуқсон ҳамда ўз вақтида бажараётганини юқори баҳолаймиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз Ўзбекистон банкларига саноат ва инфратузилманинг етакчи тармоқларида стратегик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб 3 миллиард доллар миқдорида кредит ажратиш ҳақидаги битимларни тайёрламоқдамиз.
Ўзбекистонда саноат тармоқларини тизимли ислоҳ қилиш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, инфратузилмани ривожлантириш бўйича жорий йили қабул қилинган узоқ муддатли дастурлар доирасида иқтисодиётининг турли жабҳаларида ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли инвестициявий лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар, давлат корхоналарини хусусийлаштиришда иштирок этиш бўйича таклифлар ҳам анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистонда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тўпланган муваффақиятли тажрибадан келиб чиққан ҳолда, етакчи корейс компаниялари ўз фаолиятини кенгайтириш, янги сармоялар киритиш ҳамда янги бозорларни ўзлаштиришга тайёр. Шу ўринда углеводород хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, “Навоийазот” корхонасида азот кислотаси ишлаб чиқаришни модернизациялаш, енгил автомобилларнинг янги моделларини ўзлаштириш, электр-маиший техникаларни, фотоэлектрик қуёш панеллари, дори-дармонлар, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, қурилиш ва пардозлаш материалларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юқори технологик қувватларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бизнес-форум якунига кўра, нефть-кимё, кимё, тоғ-кон, машинасозлик, электр техникаси, дори-дармон, озиқ-овқат саноатлари, қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергия тежовчи технологияларни жалб қилиш соҳаларида янги сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан икки томонлама манфаатли битимлар имзоланди.


«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn