Энг яхши кўрсаткич
  • 23 Май 2015

Энг яхши кўрсаткич

Март ойида Ирландияда ишсизлик даражаси 9,9 фоизгача пасайди, дейилади “Евроньюс” телеканали хабарида. Бу сўнгги олти йил ичидаги бандликка оид энг яхши кўрсаткичдир. Биринчи чоракда мамлакатда 12,5 мингта иш ўрни яратилган.

Айтиш жоизки, 2012 йилнинг бошида Ирландияда ишсизлик даражаси 15,1 фоизни ташкил этган эди. Сўнгги бир ярим йил ичида иқтисодиётда кузатилган жадал ўсиш суръатлари янги иш ўринлари яратиш имконини берган.

Иқтисодий ўсиш кузатилди
Жорий йилнинг биринчи чорагида Германияда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,1 фоиз ўсди.
Бу ҳақда “Рейтер” ахборот агентлиги мамлакат Федерал статистика хизмати (Destatis) маълумотларига таяниб, хабар тарқатди. Эришилган натижа экспертлар прогнозидан қисман кўп. Қолаверса, Еврокомиссия ҳам ушбу даврда Германия ва Испания ялпи ички маҳсулотида ижобий кўрсаткичлар қайд этилишини билдирган эди.
2015 йил якунлари бўйича Германияда инфляция даражаси 0,3, келгуси йилда эса 1,8 фоизни ташкил этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Узоқ кутилган даромад
Буюк Британиянинг “Marks & Spencer” ритейлери тўрт йил деганда биринчи марта даромад олишга муваффақ бўлди.
Ушбу имкониятдан фойдаланиб, ташкилот акциядорлар томонидан йўналтирилган ортиқча маблағларни қайтаришга ваъда берди. Кийим-кечаклар, уй жиҳозлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи “Marks & Spencer” март ойида якунланган навбатдаги молиявий йилда 661,2 миллион фунт стерлинг миқдорида даромад кўрган. Бу ўтган йилдагига нисбатан 6,1 фоиз кўп.
Ўз навбатида, ритейлер акциялар учун тўланадиган дивидентлар ҳажмини 5,9 фоиз оширди.

Самодаги топилма
“NASA” олимлари энг ёрқин галактикани кашф этишди.
У Ердан 12,5 миллиард ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, Қуёшдан 300 триллион баробар ёрқинроқдир.
Бу топилмани агентлик мутахассислари 2010 йилда “WISE” телескопи ёрдамида олинган маълумотлар асосида аниқлашди.

Статистика агентлиги хулосаси
“Sporting Intelligence” статистика агентлиги дунёдаги энг кўп маош тўланадиган клублар рўйхатини эълон қилди.
Унда Франциянинг  “Пари Сен-Жермен” клуби биринчи ўринни эгаллади. Ушбу жамоа футболчиларига йилига ўртача 8 миллион евродан ортиқроқ миқдорда ҳақ тўлайди. Ундан кейинги поғонада эса Испаниянинг “Реал” (Мадрид) клуби қайд этилган. Бу жамоа ўйинчилар маоши учун йилига 7,750 миллион евро йўналтиради.

Ўргимчак ёмғири
Май Австралияда ёмғир энг кўп ёғадиган ой ҳисобланади. Лекин бир неча кун аввал мамлакатнинг Янги Жанубий Уэльс штатида табиатда камдан-кам кузатиладиган ҳолат юз берди.
Гап шундаки, Гоулберн шаҳри осмонидан ёмғир ўрнига ўргимчаклар ёққан. Натижада кўчалар, ҳовлилар ва уйларнинг томлари шу турдаги миллионлаб жониворлар билан тўлиб кетган. Табиийки, ушбу ҳодисадан маҳаллий аҳоли довдираб қолди. Шу боис улар турли ижтимоий тармоқлар орқали мутахассисларга мурожаат қилиб, воқеага изоҳ сўрашган.
Олим Кит Бастерфильднинг айтишича, ҳар йили май ва август ойларида янги туғилган ўргимчаклар иложи борича дарахтларнинг тепа қисмига чиқиб жойлашади. Ана шундай вақтда шамол уларни турли томонларга учириб кетади. Шу тариқа ўргимчаклар мутлақо бошқа ҳудудларга бориб тушади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Уммондаги «қора олтин» Фойда ҳажми қисқарди »