Уммондаги «қора олтин»
  • 22 Май 2015

Уммондаги «қора олтин»

“АҚШнинг Калифорния штати Санта-Барбара шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди”, дейилади маҳаллий телеканаллар хабарида.

Гап шундаки, ҳудуднинг шимоли-ғарбий қисмида, Тинч океани қирғоқлари яқинида минг литрдан зиёд нефть
оқиб кетган. Бунга “All American Pipeline LP” ташкилотига қарашли қувурлардан бирида юзага келган носозлик сабаб бўлган. Штат маъмурияти наботот ва ҳайвонот оламини сақлаб қолиш учун зарур чоралар кўрилаётганини билдирди. Ўз навбатида, ҳудуд яқинида чўмилиш, балиқ овлаш тақиқлаб қўйилди.

Нуқсон ортидан зарар
Япониянинг “Toyota”, “Nissan”, “Honda” ва бошқа русумдаги автомобилларига ўрнатилган хавфсизлик тизимида талай нуқсонлар аниқлангани боис биргина АҚШ бозоридан 34 миллион дона машина қайтариб олинадиган бўлди.
Ана шу камчиликларни бартараф этиш хавфсизлик ёстиқчалари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фирма — “Takata” зиммасига юклатилган. “Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарида айтилишича, тизимдаги камчилик туфайли йўл-транспорт ҳодисалари рўй берган вақтда олти киши ҳаётдан кўз юмган, юздан зиёд ҳайдовчи жароҳатланган.
Айни пайтда “Takata” хизматларидан 11 автомобиль компанияси фойдаланади. Юқоридаги ҳолатдан кейин уларнинг акциялари нархи сезиларли даражада пасайди.

Фаолиятини кенгайтирмоқчи
Европадаги “Altice” телекоммуникация гуруҳи “Suddenlink Communications” компанияси (АҚШ)нинг 70 фоиз акцияларини сотиб олиш юзасидан келишувга эришди.
“Франс пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу борадаги шартноманинг қиймати 9,1 миллиард долларга баҳоланган. Ушбу янгиликдан кейин “Altice” акциялари нархи 7 фоиз кўтарилди.

Энг юпқа телевизор
Жанубий Кореянинг “LG” компанияси дунёдаги энг юпқа телевизорни кенг оммага таништирди.
Унинг қалинлиги бир миллиметрдан ҳам кам бўлиб, ҳажми 55 дюймга тенг. Оғирлиги эса 1,9 килограммни ташкил қилади. Телевизор деворга магнит ёрдамида ўрнатилади. Янги маҳсулотни шу йилнинг куз ойларида сотувга чиқариш режалаштирилган.
“LG” компаниясининг ҳозир сотувда бўлган энг юпқа телевизори 4,3 миллиметр қалинликка эга.

Рекорд азоби
Англиянинг Эссекс графлигида яшовчи Жейсон Бринклет Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани заҳоти шифохонага ётқизилди.
“Дэйли Миррор” нашрида ёзилишича, у рекорд ўрнатиш мақсадида 12 соату 5 дақиқа ва 5  сония давомида тўхтамай барабан чалган. Мақсадига эришганидан сўнг шифокорларга билакларини ҳис қилмаётганини айтган. Мутахассислар Жейсонни текшириб кўриб, унинг қўли жиддий жароҳат олганини, аммо тез орада соғайиб кетишини маълум қилишган.
Барабанни энг узоқ вақт давомида чалиш бўйича аввалги рекорд филиппинлик Жастин Даниэль Ардега тегишли бўлиб, у 12 соату беш сония натижа қайд этган.
Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn