Ҳамкорликни давом эттирмоқчи эмас
  • 21 Май 2015

Ҳамкорликни давом эттирмоқчи эмас

Италиянинг “Alitalia” авиакомпанияси 2017 йилнинг январь ойидан эътиборан “Air France-KLM” (Франция/Нидерландия) авиакомпанияси билан ҳамкорликни тўхтатмоқчи.

Бу ҳақда “Евроньюс” телеканали хабар тарқатди. Икки йирик авиаташувчи ўртасида имзоланган шериклик тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати айнан шу даврда ниҳоясига етади. Шундан сўнг “Alitalia” мутасаддилари алоқаларни давом эттириш ниятида эмасликларини билдиришган. “Улар энди биз учун манфаатли ҳамкор саналмайди”, дейилади компания баёнотида.
Айтиш жоизки, 2013 йилда “Air France-KLM” қийин аҳволда қолган “Alitalia”нинг капиталини оширишга кўмаклашишдан бош тортган эди. Қолаверса, ўз улушини 25 фоиздан 7 фоизга камайтирганди. Ўтган йили Бирлашган Араб Амирликларининг “Etihad Airways” компанияси Италия авиаташувчисининг 49 фоиз акциясини қарийб 560 миллион евро эвазига сотиб олди.

Аҳвол уч йилдан кейин ўзгарди
“Vodafone” алоқа операторининг (Буюк Британия) чорак якунлари бўйича олган даромади ҳажми сўнгги уч йил ичида биринчи марта ўсди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат Европа мобиль алоқа бозори қайта оёққа тура бошлаганидан дарак беради. Гап шундаки, кейинги йилларда “кўҳна қитъа”да истеъмол харажатлари миқдори кескин қисқаргани ва компания хизмат кўрсатадиган Ҳиндистонда рақобат кучайгани боис тушумлар сезиларли даражада камайиб кетган эди. “Vodafone” мутасаддилари жорий молиявий йил якуни бўйича аҳвол яхши томонга ўзгаришига умид қилишмоқда. Дастлабки чоракда қанча маблағ ишлаб олингани эса аниқ кўрсатилмаган.
“Vodafone” дунё бўйича 440 миллиондан ортиқ мижозга эга.

Товон пули тўланади
Ҳиндистонда темир йўл транспорти ҳодисаси рўй берди.
“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакатнинг Уттар-Прадеш штатида йўловчи поезди трактор билан тўқнашиб кетган. Оқибатда 10 киши ҳаётдан кўз юмди, 33 нафар одам турли даражада тан жароҳати олди. Улардан олти нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Штат маъмурияти қурбон бўлганлар ҳамда жабрланганлар оиласига товон пули тўланишини маълум қилди.

Саёҳат аро йўлда қолди
Бермуд оролларида “Norwegian Cruise Line” компаниясига тегишли саёҳат кемаси саёзликка ботиб қолди.
У Бостонга кетаётган вақтда ана шундай муаммога дуч келган. Воқеа юз берган вақтда кемада 3737 нафар одам бор эди. Шундан 2675 нафари йўловчилардир. Айни пайтда лайнерни саёзликдан чиқариб олиш учун тегишли чоралар кўрилмоқда. Кемада эса ҳаёт одатдагидек давом этаяпти. Кўнгилочар дастурлар бекор қилинмаган.
Сув транспорти воситасининг двигатели ва электр таъминот қисмида муаммолар борлиги туфайли у вақтинча ўчириб қўйилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn