Қарзни қоплаш учун чора
  • 20 Май 2015

Қарзни қоплаш учун чора

Италиянинг “Massimo Zanetti Beverage Group” компанияси маҳаллий кофе ишлаб чиқарувчилар орасида биринчи бўлиб акцияларини биржага жойлаштирди.
У қимматли қоғозларининг 35 фоиздан кўпроғини сотувга қўйган.

Шу орқали компания қарийб 200 миллион евро миқдорида маблағ ишлаб олиб, унинг асосий қисмини қарзини қоплашга йўналтирмоқчи. Негаки, “Massimo Zanetti Beverage Group” 2014 йилни 440 миллион евро миқдоридаги қарз билан якунлаган эди.

Самолёт ортга қайтди
АҚШнинг “Hawaiian Airlines” авиакомпаниясига қарашли йўловчи самолёти Лос-Анжелесдаги халқаро аэропортга фавқулодда қўндирилди.
У айнан Лос-Анжелесдан ҳавога кўтарилиб, Гонолулу (Гавайи ороллари) томон парвозни амалга ошираётган эди. Манбада айтилишича, механик носозлик юзага келгани туфайли самолёт капитани ортга қайтишга қарор қилган. Воқеа юз берган вақтда ҳаво лайнери бортида 330 нафар йўловчи бор эди. Уларга ҳеч қандай зиён етмаган. Айни пайтда мутахассислар муаммо нимадан келиб чиққанини аниқлашмоқда.

Даъвога асос йўқ
“Gucci”, “Yves Saint Laurent” каби бутун дунёга машҳур брендларга эгалик қилувчи  “Kering” (Франция) компанияси Хитойнинг “Alibaba” интернет-дўконини судга берди.
“Евроньюс” телеканали хабарига кўра, бунга ушбу интернет-дўконда “Kering”га тегишли савдо белгилари остида қалбаки маҳсулотлар сотилаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Ўз навбатида, “Alibaba” раҳбарияти мазкур айбловга муносабат билдирди. Унда Франция компаниясининг бундай даъво учун етарли далилларга эга эмаслиги таъкидланиб, қалбаки маҳсулотлар савдосига қарши курашишга доим эътибор қаратилаётгани қўшимча сифатида маълум қилинган.

Ови бароридан келди
Буюк Британияда узунлиги олти метрга тенг илонбалиқ тутилди.
Плимут шаҳри балиқчилари овлаган ушбу денгиз жонивори 72 килограмм тош босган. Шу тариқа улар 1995 йилда ўрнатилган рекордни янгилашди. Чунки ўшанда ушланган илонбалиқ 59 килограмм вазнга эга эди.
Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, йирик илонбалиқлар одатда маржонқоялар орасида яшириниб яшайди. Аммо егулик илинжида юқорига чиқишга мажбур бўлади. Ана шундай пайтда қармоққа осонгина илинади. Чунки бундай турдаги балиқларнинг танаси катталиги боис тез ҳаракатлана олмайди.

Иссиқ таъсири
Ўтган ҳафтада Японияда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиб кетгани натижасида 480 нафардан ортиқ одам касалхонага ётқизилди. Иссиқ таъсирида икки киши ҳаётдан кўз юмди.
11 — 17 май кунлари мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида ҳарорат +30 даражани ташкил этган. Мамлакат миллий метеорология ва ўт ўчириш хизматлари фуқароларга мурожаат қилиб, бундай ҳолатда кўчага камроқ чиқишга, зарурат туғилганда эса, қуёш нуридан ҳимояловчи кийим ва воситалардан фойдаланишга, шунингдек, кўпроқ суюқлик ичишга чақирган.
Ўтган йилнинг ёзида Кунчиқар юртда ҳаво ҳароратининг кўтарилиб кетиши оқибатида 53 минг киши азият чеккан, уч юз киши ҳалок бўлган эди.

Йўлдаги ҳодиса
Камбоджада сайёҳларни олиб кетаётган автобус юк машинаси билан тўқнашиб кетди.
Оқибатда 20 киши ҳаётдан кўз юмган. Бахтсиз ҳодиса мамлакатнинг Свайриенг провинциясида юз берган. Тўқнашув кимнинг айби билан содир бўлгани номаълум.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn