Акциялари нархи кескин пасайди
  • 13 Май 2015

Акциялари нархи кескин пасайди

Душанба куни Токио биржасида ўтказилган савдолар чоғида электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Sharp” компаниясининг акциялари баҳоси бирданига 30 фоиз тушиб кетди.
Бунга компания банкротликдан қочиш учун умумий капиталини 99 фоиз қисқартиришни режалаштираётгани ҳақида маҳаллий матбуотда тарқатилган хабар сабаб бўлган. Манбага кўра, “Sharp” ўтган молиявий йилни қарийб 1,5 миллиард евро миқдорида зарар билан якунлаган. Бу борадаги расмий маълумот жорий ҳафтада эълон қилиниши кутилаяпти.

Фаолиятини кенгайтиради
Финляндиянинг уй ва боғ учун турли асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи “Fiskars” компанияси АҚШнинг “WWRD” концернига қарашли “KPS Capital Partners” инвестиция фирмасини сотиб олишини билдирди.
Мазкур фирма чинни ва биллур идишлар тайёрлашга ихтисослаштирилган. “Евроньюс” телеканали хабарига қараганда, ушбу битим харидор учун 432 миллион долларга тушади. Унда кўзда тутилган барча шартлар июль ойигача тўлиқ бажарилгач, фин компанияси уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш борасида дунёдаги етакчилардан бирига айланади.
Олдинроқ “Fiskars” ошхона учун жиҳозлар етказиб берувчи маҳаллий “Iittala” ва Даниянинг “Royal Copenhagen” компанияларини сотиб олган эди.

Учувчининг маҳорати
“Монтерей — Лос-Анжелес” йўналишида парвозни амалга ошираётган “SkyWest Airlines” авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти Лос-Анжелес шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўндирилди.
Маълум бўлишича, ҳаво лайнерининг шассиси тўла очилмай қолган. Шу боис учувчи уни корпуси билан қўндиришга мажбур бўлган. Мазкур воқеа юз берган вақтда самолёт бортида 40 нафар йўловчи ва уч нафар экипаж аъзоси бор эди. Ҳеч ким зарар кўрмаган.

Сейсмик фаоллик
Непалда сейсмик фаоллик сақланиб турибди. Хусусан, кеча бу ерда кетма-кет учта зилзила рўй берди. Уларнинг энг кучлиси 7,3 баллни ташкил этди.
Табиат ҳодисалари маркази мамлакатнинг Намче-Бозор аҳоли яшаш пунктидан 68 километр ғарбда, Эверест этагида қайд этилган. Оқибатда Чаутара шаҳрида тўрт киши ҳаётдан кўз юмган. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация тадбирлари бошлаб юборилган. Ер силкиниши таъсири қўшни Ҳиндистонда ҳам сезилган. Ушбу ҳудудда икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Непалда шу йилнинг 25 апрель куни юз берган 7,9 балли зилзила натижасида ҳаётдан кўз юмганлар сони 8 минг 400 кишидан ошди. 17 минг нафар одам жароҳатланган.


Рекорд нархга сотилди
“Christie‘s” аукционида рассом Пабло Пикассонинг “Жазоирлик аёллар (О версияси)” номли асари 179,4 миллион АҚШ долларига сотилди.
Бу шу пайтгача мазкур Кимошди уйида сотилган энг қиммат санъат асари ҳисобланади. Айтиб ўтиш жоизки, Пабло Пикассо 1954-1955 йилларда “Жазоирлик аёллар” деб номланган 15 та расм чизган. Улардан бири 1997 йилда 32 миллион долларга сотилган эди.
“Christie‘s”да аввалги рекорд 2013 йилда ўрнатилган. Ўшанда бу ерда Фрэнсис Бэконнинг “Люсьен Фрейд портретига учта намуна” номли картинаси 142,4 миллион АҚШ долларига баҳоланганди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мажбурий чора Талаб бўйича тахмин »